Трамп Путин билан июль ойида учрашиши мумкин

22.06.2018 | Жаҳон | 2453

АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан июль ойида учрашиш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда Трамп 21 июнь куни АҚШ штатлари губернаторлари билан учрашув пайтида гапирди.

Bloomberg News'нинг дипломатик манбаларга таяниб хабар беришича, Трамп-Путин учрашуви июль ойи ўрталарида, Трампнинг Британия ва Брюсселда ўтадиган НАТО саммитига ташрифидан олдин ёки кейин бўлиши мумкин.

CNN ўз манбасига таянган ҳолда, Трамп Путинни Вашингтонга таклиф қилишни хоҳлаётганини, бироқ Москва бетараф ҳудудда, масалан, Венада учрашиш таклифини киритаётганини билдирди.

Хабарда айтилишича, яқин кунларда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жон Болтон Путиннинг Трамп билан учрашуви масаласини муҳокама қилиш учун Москвага боради.