Ўзбекистонда ёш оила чегарасини 30 дан 35 ёшга узайтириш таклиф қилинмоқда

25.06.2018 | Ўзбекистон | 2850

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида ёш оила чегарасини 30 дан 35 ёшга узайтириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига кўра, эр-хотиннинг иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан, никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл) — ёш оила деб белгиланган.

“Ёш оила тоифаси бизга баъзи бир имкониятлар, жумладан, даромад солиғи, кредитлар, уй-жой олиш каби муносабатларда имтиёзлар тақдим этади. Ҳозирги кунда ёшларимиз ўртасида турмуш қуриш кечикиб бормоқда. Бунга сабаб турмуш қураётган инсонлар, энг аввало, молиявий ҳолатини яхшилаб, кейин турмуш қуришни ўйлайди ва бу турмуш қуришни кечикишига олиб келади, аксар ҳолларда 30 ёшдан кейин турмуш қураётганлар ҳам кам эмас” дейилади мурожаат матнида.

Шу жиҳатдан  ёш оила чегарасини 30 ёшдан 35 ёшга кўтариш таклифи билдирилди. Ушбу таклиф амалга оширилса, ёш оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимида янада кўпроқ имкониятлар яратилади.