Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Туркманистонлик ўзбеклар тазйиқ ва айирмачилик ҳолатлари кучаяётгани ҳақида шикоят қилмоқда
2.07.2018 17:25,  
226

Туркманистонликларнинг хорижга чиқишига тўсиқ қўйилиши, озиқ-овқат маҳсулоти билан боғлиқ тақчиллик мамлакат аҳолиси ҳаётини янада қийинлаштирмоқда. Айниқса, озчилик элат бўлган маҳаллий ўзбеклар тазйиқ ва айирмачилик ҳолатлари кучаяётгани ҳақида шикоят қилмоқда. Айни вақтда Туркияда таълим олаётган ва исми сир қолишини илтимос қилган Туркманистонлик ўзбек талабаси SOF.UZ мухбири билан суҳбатда бу ҳолатни тасдиқлади.

Сўнгги вақтларда Туркманистонда озиқ-овқат, жумладан, ун ва ёғ маҳсулотлари етишмовчилиги билан боғлиқ инқироз мамлакатни оғир аҳволга солиб қўйди. Халқаро матбуотда, туркман мухолифатига қарашли нашрларда бу борада тарқалаётган хабарларга жавобан, Ашхобод расмий телевидениени Туркманистондаги тўкин-сочинлик намойиш қилинган лавҳалар билан тўлдирмоқда.

Туркманистондан чиқаётган хабарлар эса вазият тобора таранглашаётганидан дарак беради. Яқинда узоқ йиллар сукутда бўлган мамлакатдаги ўзбеклар жамоаси вакиллари «Озодлик» радиоси орқали Тошкентга мурожаат қилишди. Улар Ўзбекистондаги янги ҳокимиятдан Туркманистондаги ўзбеклар тақдирига эътиборлироқ бўлишни сўрамоқда.

Сиёсий муҳожирликда яшаётган туркман ёзувчиси Ак Велсапар ижтимоий тармоқда «Эркин Туркманистон» радиосини юритади. Amerika Ovozi нашри билан суҳбатда маълум қилишича, ўзбеклардаги норозилик озиқ-овқат инқирози билан эмас, асосан, хорижга чиқишга тўсиқ қўйилиши ортидан юзага чиққан.

«Туркманистон ўзбеклари тўқнаш келадиган муаммолар анча йиллардан буён мавжуд, аммо сўнгги пайтда вазият таранглашган. Гап Туркманистондаги иккинчи йирик миллат ҳақида кетмоқда. Ўзбеклар жамоаси норозилигига сабаб бўлган айни пайтдаги асосий масала бу ҳаракатланишга қўйилаётган тўсиқ. Дошовуз, Чоржуй вилоятидаги ўзбеклардан хорижга иш излаб кетаётганлар жуда кўп, айниқса Туркияга кетаётганлар. Cунки бу вилоятларда ишсизлик жуда юқори. Улар ўз оиласини хорижда ишлаб боқишга мажбур. Аммо Туркманистондан чиқишда жуда қаттиқ чекловларга учрайди. Бир муддат аввал Ашхободдаги аэропортда ўзбеклар ва хавфсизлик кучлари ўртасида шу чекловлар билан боғлиқ тўқнашув ҳам бўлиб ўтган. Бунга учиш арафасида турган одамларни самолётдан тушириб қолдиришгани сабаб бўлган. Бу жуда ёмон, бу инсон ҳуқуқларининг жиддий, қўпол бузилиши. Бу вазиятга нисбатан айнан ўзбек жамоатчилиги кескин норозилик билдирган. », - дейди Ак Велсапар.

Эслатиб ўтамиз, 29-июнь куни Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти билан телефон мулоқоти ўтказган. Гурбангули Бердимуҳамедовнинг туғилган куни муносабати билан ўтказилган суҳбатда Мирзиёев Туркманистон эришаётган ютуқларни алоҳида таъкидлаган, алоқаларни янада мустаҳкамлаш истиқболи гаплашилган.

Бердимуҳамедов Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар икки ўртадаги муносабатларда муҳим аҳамият касб этгани, уни янги мазмун билан бойитгани ҳақида гапирган ва Мирзиёевни шу йилнинг август ойида минтақа лидерларининг Ашхободда кутилаётган учрашувига таклиф қилган.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг шу йил апрелда Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи чегарадаги тўсиқлардан чарчаган аҳолида, жумладан, Туркманистоннинг маданий ҳуқуқлари тикланишини кутаётган этник ўзбекларида ҳам жиддий умидлар уйғотган эди. Ташриф ортидан муносабатларда, айниқса, ўз она тилида ўқишдан маҳрум қолаётган Туркманистон ўзбекларига оид вазиятда бирор ўзгариш юз бермади. 

Маълумот учун, Туркманистонда ўзбеклар туркманлардан кейинги иккинчи йирик этник гуруҳ ҳисобланади. Бу кўрсаткичга қарамасдан, мамлакатда ўзбек мактаблари ҳам, маданий-маънавий марказлар ҳам йўқ. Ўзбекистондаги туркманларнинг она тилида ўқиши учун барча шароитлар яратилган. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан