Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Таҳдид олган журналист қандай чоралар кўриши мумкин?
11.07.2018 01:45,  
166

Ўтган ойларда Facebook саҳифаси орқали Хабар.узнинг бош муҳаррири, журналист Жамшид Ниёзов ўзига нисбатан бўлаётган босим ҳақида хабар берди. Бундай ҳолатни бир неча ой аввал Каримберди Тўрамурод ишида ҳам кузатилган эди. Диана Еникееванинг фожиавий ўлими тафсилотларини ёритганидан сўнг унга қарши номаълум шахслар томонидан босим ва таҳдидлар бўлгани хабар қилинган эди. Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги мустаҳкамланар экан, мустақил журналистга қарши босим, таҳдид ва таъқиблар кўпайиб бораверади. Бундай ҳолатларда ўзини ҳимоя қилиш учун журналист қандай чора кўриши мумкин?

Ахборот эркинлиги кафолатлари нимадан иборат?

Фуқароларнинг ҳар қандай ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, олиш, тарқатиш, фойдаланиш каби ҳуқуқларини рўёбга чиқариш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонун билан ҳимоя қилинади. Жумладан, Конституциянинг 29-моддасига биноан, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Конституциянинг 43-моддасига кўра эса давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.

Қонуннинг 8-моддасига кўра, давлат ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқини ҳимоя қилади. 16-моддага кўра, ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Демак, журналист фаолиятига қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ва қўрқитишлар тегишли давлат органлари, ҳусусан прокуратур, томонидан зудлик билан тергов қилиниши ва айбдор шахсларга қарши кескин чоралар кўрилиши керак.  

Қонунчилик қандай жавобгарлик белгилайди?

Журналистга қарши босим, таҳдид ва таъқиб бўлганда қўлланилиши мумкин бўлган бир неча ҳуқуқий чоралар мавжуд. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда), хавф остида қолдириш (117-модда), ҳақорат қилиш (140-модда), ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда), ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (206-модда), мансабга совуққонлик билан қараш (207-модда), ҳокимият ҳаракатсизлиги (208-модда) учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Алоҳида ишнинг тафсилотларига қараб масъул шахсларни юқорида санаб ўтилган моддаларнинг бир нечтаси асосида жиноий жавобгарликка тортиш мумкин.

Эҳтиёт чораларини кўринг

Жамиятдаги жиддий муаммолар, ҳусусан коррупция, ҳақида ёзган журналистларга ҳамиша босим бўлган. Шу сабабли, бирон мансабдор шахснинг ноқонуний қилмишларини фош этадиган мақола чоп этдингизми, табиийки босим ва таҳдид бўлишини кутишингиз керак. Мансабдор шахснинг мавқеи ва обрўси қанчалик баланд бўлса, эҳтиёт чоралари ҳам мутаносиб равишда бўлиши керак. Ўзини асраганни Худо асрайди. Масалан, мақола чоп этилганидан кейин бир муддат ёлғиз юрмасликка ҳаракат қилинг. 3-4 нафар яқин дўстингиз билан ҳар соат телефон орқали қисқа ҳол-аҳвол сўрашга келишиб олинг. Қўнғироққа ҳеч ким жавоб бермаган тақдирда кейинги чораларни келишиб олинг (бошқа ҳамкасблар билан вазият бўйича маслаҳат қилиш, ОАВларга хабар бериш, тегишли Ички ишлар ёки ДХХ бошқармаси билан боғланиш ва ҳкз.).  

Ҳодисани ҳужжатлаштиришнинг аҳамияти

Босим ва таъқиблардан ҳимояланиш учун тегишли давлат органларига зудлик билан шикоят топширишлари керак. Бунда рўй берган ҳодисани ҳужжатлаштириш ва барча далилларни тўплаш алоҳида аҳамият касб этади. Ҳусусан, ҳодиса айнан қачон (дақиқа, соат, кун), қаерда (кўча исми, чорраҳа, бино ва ҳкз.) содир бўлди, таҳдид қилган киши ҳақида барча маълумотлар (жисмоний ва ташқи кўриниши), гувоҳлар ҳақида маълумот (исм-шарифи ва боғланиш учун телефон рақами), таҳдид сабабли соғлиғингиз ёмонлашса, албатта докторга учраб, бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотларини айтишингиз, соғлиғингиз айнан қандай зарар кўрганини батафсил айтиб беришингиз ва тиббий хулоса олишингиз керак. Тасарруфингиздаги ашёвий далилларни эҳтиёт қилишни, шу жумладан, уларни иложи борича рақамлаштиришни ва рақамлаштирилган маълумотни захиралашни (back up) унутманг.
Адвокат билан маслаҳат қилиб, Ички ишлар бўлимига ариза топширинг

Журналистика билан жиддий шуғулланаётган ҳар бир кишининг ишонган адвокати бўлиши керак. Бу нафақат чоп этиш учун тайёрланаётган материал амалдаги қонунларни бузмаслигини текшириш учун, балки босим ва таҳдидлар бўлганда қандай ҳуқуқий чоралар кўриш борасида маслаҳат олиш учун керак. Адвокат билан маслаҳат қилганингиздан кейин Ички ишлар бўлимига ёзма ариза топширинг. Прокуратурага ҳодисани ўз назоратига олишини талаб қилиб ҳам ариза юборишингиз мумкин.

Босимлар ҳақида ҳамкасбларингизни огоҳ этинг

Журналист босим ва таҳдидлар ҳақида оиласи ва дўстларидан аввал ҳамкасбларини хабардор тутиши керак. Бунинг сабаби шундаки, оила аъзоларингиз кутилмаган фавқулодда ҳодиса рўй берганда қандай иш тутишни билмасликлари, қўрқишлари, қатъий чора кўришга иккиланишлари мумкин. Ҳамкасблар эса, умуман олганда, фавқулодда ва шошилинч ҳаракат қилишни талаб қиладиган ҳолатларда қандай иш тутишни биладилар. Бунда ҳам маҳаллий, ҳам хорижий ОАВларда ишлайдиган ҳамкасблар билан алоқада бўлиш алоҳида аҳамият касб этади. 

Ижтимоий тармоқларда бонг уринг

Журналист фаолиятига қарши бўлаётган ҳар қандай босим ва таҳдидларга қарши ижтимоий тармоқларда бонг уришингиз керак. Бу сизга нафақат бўлиб ўтаётган ҳодисалар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш имкониятини беради, балки тегишли давлат органининг ҳам эътиборини қаратишга сабаб бўлади. Эсингизда бўлса, Каримберди Тўрамурод айнан Фейсбукдаги чиқишларидан кейин узиб қўйилган телефон алоқасини ёқиб қўйишган эди.

Миракмал Ниязматов, ҳуқуқшунос

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан