Ўзбекистонда депутатлар контракт тўловини пасайтириш бўйича таклифлар билдишди

12.07.2018 | Ўзбекистон | 3008

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Расул Кушербаев олий таълим муассасаларида ўқиш учун контракт тўлови миқдорини пасайтириш бўйича таклифлар билан чиқиш қилди. Бу таклифлар Расул Кушербоевнинг Facebookдаги саҳифасида эълон қилинди.

"Умуман айтганда, тўлов-контракт миқдорларининг ҳозир эълон қилинганидан ҳам кўра анча юқори фоизларга орттирилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни илгарироқ эшитгандик. Шунинг учун, ўқувчилар жудаям қизғин кутиб олган, интернет сайтлари ҳамда газеталарда эълон қилинган тўлов контракт миқдорларини камайтириш ҳақидаги таклифлар юқори ташкилотларга юборилган эди. Бироқ, минг афсуски, ушбу таклифларга тегишли мутасаддилар томонидан ҳозиргача ҳеч қандай муносабат ёки жавоб берилгани йўқ", — дейилган депутатлар баёнотида.

Уларнинг фикрига кўра, билдирилаётган бу таклиф тўлов контракт миқдорининг ҳозирги оширилган шароитида ҳам талаба ва уларнинг ота-оналари учун анчагина қулайликлар яратар эди.

"Таклифга кўра, жами 69 200 нафар бакалаврнинг энг юқори баллни қўлга киритган биринчи 12 фоизи ёки 8304 нафари тўлиқ давлат бюджети асосида, кейинги 12 фоизи ёки яна 8304 нафари 45 фоизли тўлов-контракт асосида, кейинги 12 фоизи ёки яна 8304 нафари 60 фоизли тўлов-контракт асосида, кейинги 12 фоизи ёки яна 8304 нафари 85 фоизли тўлов контракт асосида, қолган 52 фоизи ёки 35 984 нафари эса тўлиқ (100 фоизли) тўлов-конракт асосида таълим олади. Натижада 10 мингга яқин талабага контракт тўловини тўлашда икки баробаргача енгиллик яратилади, қўлга киритилган баллга нисбатан рағбатлантириш кучаяди ва контракт тўловчи талабалар сони 215 нафарга кўпаяди (тахминан 1,8 миллиард сўм қўшимча тушум)", — дейилган баёнотда.

Депутатлар сўзларига кўра, шу орқали ортиқча тушган маблағ эвазига ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга ёрдам ташкил этиш ҳам мумкин бўлади.

Кейинги таклиф стипендиялар билан боғлиқ. Ҳозирги тартиб бўйича талаба тўлов-контракт миқдорини ҳали тўлиқ тўламаган бўлса, у бир неча ойлар давомида стипендия ҳам олмай юради. Бундай тартибнинг мавжудлиги талабага стипендия унинг ижтимоий ҳимояси учун берилаётганини даъво қилувчиларнинг сўзларига мутлақо мос келмайди. Шунинг учун, депутатлар бундай таклиф беряпти: талаба ҳоҳишига кўра таътил ойларидаги тўлиқ стипендияси ҳисобидан, қолган ойлардаги стипендиянинг энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан ортиқча қисми ҳисобидан тўлов-контракт миқдоридан чегириб ташлансин. Бунинг натижасида, талабанинг ўқиш давридаги ижтимоий ҳимояси энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ҳисобидан таъминлангани ҳолда, бир ўқув йили бўйича 1,7 миллион сўмдан 5,3 миллион сўмгача камроқ контракт пули тўлаши мумкин бўлади.

"Бунда давлат бюджетига ҳеч қандай зарар келтирилмайди. Яна ҳам соддароқ айтганда, талаба бермайди ҳам, олмайди ҳам", — дейди депутатлар.

Халқ вакилларининг ҳисоб-китобларига кўра, агар Ўзбекистон олий таълим муассасаларидаги стипендиялардан тўлиқ воз кечилса, тўлов-контракт миқдори 1,5-2 миллион сўмдан ортмаган бўларди.

Депутатлар фикрига кўра, ҳар йили тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилганларнинг 90-95%и ўқишни давом эттирадилар ҳамда бир ўқув йили давомида 0,5% гача талабалар тўлов-контракт маблағини тўлай олмаганлиги учун талабалар сафидан четлаштирилади.