Мактаб ўқувчиларининг тилла тақинчоқ ва бошқа буюмларини алдов йўли билан қўлга киритган аёл жазога тортилди

13.07.2018 | Ўзбекистон | 2539

2017 йилнинг 23 октябрь куни Урганч шаҳридаги 1-сонли умумий ўрта мактаб ҳовлисида ўзини «онангнинг дугонасиман» деб таништирган бегона аёл ушбу мактабнинг биринчи синф ўқувчиси Гулноза Раҳимбердиеванинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жами нархи 1 миллион 200 минг сўмлик тилла зираклари, сумкага жойланган спорт кийими ва пойабзали, эгнидаги кийимларини алдов йўли билан қўлга киритиб, кўздан ғойиб бўлади. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Хива туман суди раиси Муроджон Ҳасанов маълум қилди.

Жиноятчи аёл 2017 йилнинг 24 ноябри айни туш чоғи Урганч туманидаги яна бир мактаб ҳовлисида пайдо бўлиб, 1-синф ўқувчиси Г. Бахтиёровани тўхтатиб, ўзини онасининг дугонаси қилиб кўрсатади. Сўнгра «дугонаси"нинг илтимосига кўра, қизалоғининг қулоқларидаги зиракларни онасига элтиб бериш зарурлигини айтади. Унга ишонган Г. Бахтиёрова нархи 1 миллион сўмлик тилла тақинчоқларини қулоғидан ечиб, нотаниш аёлнинг қўлига тутқазади.

Орадан яна уч ҳафтача вақт ўтади. 12 декабр куни бу қилмишларга чек қўйилди. Ўшакуни вилоят марказидаги 1-сонли мактабга яна келган шумният кимса жиноий қилмиш устида қўлга тушди.

Тергов тадбирлари асносида Урганч шаҳри ва шу ном билан аталувчи туманнинг бир қатор илм масканларида ўтган йил куз чоғи рўй берган давомли жиноий ҳаракатлар Хуршида Бобоева томонидан содир қилингани маълум бўлди. Бир қатор тизимли жиноий хатти-ҳаракатларни содир этган бу аёл Урганч туманининг «Оқ олтин» маҳалласида истиқомат қилади, оилали, 2 нафар фарзанднинг онаси, муқаддам судланмаган.

Суд жиноий қилмиш Жиноят кодексининг ўғирликка тааллуқли 169-моддаси 3-қисми «а» бандида баён этилган ҳолатлар бўйича амалга оширилганига эътибор қаратди.

Айнан шундай ҳолатда шаҳардаги 1-сонли мактабда охиригача етказилмаган ғайриқонуний қилмишни эса, жиноятга суиқасд тарзида баҳолаб, уни мазкур ҳолатга дахлдор Жиноят кодексининг 25,169-моддаси 3-қисми бўйича қайта малакалади. Қилмишни енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳам инобатга олинди. Судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг енгилроқ жазо тайинлашни назарда тутувчи 57-моддаси қўлланилган ҳолда, ушбу жиноят учун тайинланиши зарур бўлган узоқ йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси ҳам сезиларли равишда камайтирилди.

Гарчи қилмиш анча оғир, жиддий ва ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлса-да, судланувчи нисбатан оз муддатли озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди. Жабранувчиларга етказилган бир неча миллион сўмлик мулкий зиённи қоплаш мажбурияти ҳам унинг зиммасига юклатилди. Айрим фуқаролар, жумладан, тилла буюмлар савдоси билан шуғулланувчи Ф. Маҳмудовага айбланувчининг гарданида қолиб кетган 550 минг сўм миқдоридаги пулни фуқаролик судига мурожаат қилиш орқали ундириб олиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Ашёвий далил деб қаралган айрим мол-мулклар, чунончи, жабрланувчиларнинг муқаддам талон-торож қилинган кийим ва пойабзаллари, бир жуфт зирак Х. Бобоева томонидан эгаларига қайтариб берилгани инобатга олинди.