Россияда ўзбекистонлик ва туркиялик меҳнат муҳожирлари оммавий жанжал келтириб чиқаришди

19.07.2018 | Ўзбекистон | 3624

Россиянинг Тюмень вилояти Тобольск шаҳрида 15 июль куни “Запсибнефтехима” қурилиш майдонида ўзбекистонлик ва туркиялик меҳнат муҳожирлари оммавий жанжал келтириб чиқарган. Бу ҳақда “Regnum.ru” хабар тарқатди.

Ушбу оммавий жанжалда 500 нафарга яқин мигрант қатнашган. Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, жанжал “Сибур” компаниясининг юқори даражали ходими машинада ишчилардан бирининг оёғини босиб кетгач келиб чиққани айтилмоқда

Жанжални тўхтатиш учун Тобольскнинг деярли барча полиция ходимлари жалб қилинган. Баъзи норозилар полиция бўлимига олиб кетилган.

“Келишмовчилик “Ренейссанс Хэви Индастрис” пудратчи компанияси ишчиларга маошини тўламаслиги натижасида келиб чиққан”, дейди компаниянинг матбуот котиби.

Тобольскликлар корхона асосан ўзбек ва туркларни кўпроқ ишга олишини айтишган ҳамда ўша куни қурилиш майдони “кичик Осиё”га айланганини таъкидлашган.

Россия Бош прокурори ўринбосари Юрий Пономарев топшириғи билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар воқеа сабабларини ўрганмоқда. Компаниянинг ишчиларга маош тўламаслиги бўйича текширувлар ҳам бошланган.