Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ёш профессор Азамат Акбаров: “Тил ўрганиш — умидсизликни енгишдан бошланади”
23.07.2018 23:52,  
1091

Суҳбатдошимиз профессор Азамат Акбаров 1977 йил Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. Самарқанд давлат чет тиллари институтининг инглиз филологияси йўналишини  тамомлаган. 2003 йили Швециянинг Даларна университетида сиёсатшунослик йўналиши бўйича иккинчи магистр илмий даражасини қўлга киритган. 2009 йили Жанубий Кореяда инглиз тилшунослиги йуналишида докторлик диссертациясини ёқлаган. 1999-2001 йилларида Самарқанд давлат чет тиллар институтида фаолият юритган. 2004-2006 йилларида Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университетида Ўрта Осиё тадқиқотлари факультетида ўзбек тили, тарихи, маданияти йўналишида дарс берди.  Жанубий Кореяда илк бор ўзбек тилини ўрганаётган корейс талабалари учун 200 бетлик дарсликка муаллифлик қилди, бу китоб ҳали ҳам ушбу мамлакатда ягона ўзбек тили дарслиги ҳисобланади. 2009 йилдан 2016 йилгача Босния ва Герцеговина пойтахти Сараево шаҳридаги халқаро Бурч университетида “Инглиз тили ва адабиёти” кафедраси мудири, Педагогика факультети декани, ва ушбу университетнинг (2012-2016) илмий ишлар ва халқаро муносабатлар бўйича проректори лавозимида фаолият юритди. 2016 йил сентябридан Ал Фаробий номидаги Қозоқ миллий университети умумий тилшунослик ва европа тиллари кафедраси профессори лавозимида ишлаб келмоқда.   А.Акбаров фаолияти давомида халқаро андозаларга мос лойиҳалари билан дунё тилшуносларининг диққат-эътиборини жалб этди.

Сўнгги 16 йил давомида 60 дан ортиқ давлатда ўтказилган илмий конференция, симпозиум ва семинарларда қатнашиб, 150 дан ортиқ мақола, 15 та китоб нашр қилди, 8 та лойиҳа устида ишлади. 10 дан ортиқ халқаро тилшунослик (амалий, когнитив) ва таржимонлик ассоциацияси аъзоси.  2017 йил декабр ойида «Чет тилини ўргатишдаги ёндашув ва усуллар: назариядан кўникмаларгача»  китоби чоп этилди.

Sof.uz сайти ёш олим билан бўлиб ўтган суҳбатни диққатингизга ҳавола этади.

—  Суҳбатни болалик орзуингиздан бошласак. Мурғак тасаввурингиз билан қайси касб эгаси бўлишни орзу қилгансиз-у, ҳозир нимани орзу қиласиз?

— Агар бошланғич синф болаларидан улғайганида қайси касб эгаси бўлишини сўрасангиз, уларнинг орзуларидан ҳайратга тушасиз. Кейинчалик бу истакларни ҳаёт ўзгартириб юборади. Агар болаликда орзу қилган касбингизни эгаллаган бўлсангиз, жуда бахтли инсонлардан бирисиз. Мен дипломат бўлишни орзу қилар эдим. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Тошкент шаҳрида жойлашгани, азим пойтахтда қариндош ёки танишларим бўлмаганлиги сабабли, бу ерда ўқий олмадим. Чет тилларни ўрганишга кучли лаёқатим борлигини сабабли шу йўналишни танладим. Мақсадларимни ўзгартирган бўлишимга қарамай, болаликдаги хаёллар мени ҳамон тарк этмаётгандай туюлади. Бу орзу мени Швециянинг Даларна университетида сиёсатшунослик бўйича иккинчи магистрлик унвонини олишга чорлади. 70 дан ортиқ мамлакатларда бўлган, дипломат мутахассислигини эгаллаган бўлсам-да, бу касбда ҳали  ишлай олмадим. Аммо, ҳали ҳам элчи бўлиб фаолият юритиш орзуим бор.

—  Биринчи устозингизни қандай хотирлайсиз?

—  Ҳаёт сабоқларини биринчи бўлиб отамдан ўрганганман; у менга ҳарф танитган, шахмат ва футбол ўйнашни ўргатган. Мактабда ҳар бир ўқувчининг ўзи яхши кўрган, ҳурмат қилган устози бўлади. Ким ҳақида гапираётганимни тушуниб турибсиз; у дунёқарашингизни ўзгартирган, ўзингизга ишончингизни оширган ва сабоқлари умрбод хотирангизда қоладиган инсон. Афсус, байрамларга бир кун қолганда шошилиб табрик хатлари ёзишдан нарига ўтмай, бундай ажойиб инсонларга ўз миннатдорчилигимизни том маънода изҳор этмаймиз. Баъзан йиллар ўтмагунча, бу инсонлар бизга нималарни ўргатганини англамаймиз. Бошланғич синф устозим ва француз тили ўқитувчимиз ҳақида шундай дейишим мумкин. Афсуски, мен яна икки хил — қўпол ва шавқатсиз, болаларни ҳар дамда китоб ёки ҳасса билан уришга тайёр ўқитувчиларни унута олмайман.

— Қайси воқеа ҳаётингизда бурилиш ясаган?

— Ҳаётимизда бурилиш нуқталари турлича бўлиши мумкин. Масалан, бирор устоз билан учрашиш фаолият пиллапоялари томон етаклайди; кафе тўсиғи олдида кутилмаганда содир бўлган учрашув оила қуришга олиб келади; бахтсиз воқеа атлет бўлиш орзуларини чил-парчин қилиб юборади ва ҳаётда бошқа йўлга бошлайди. 1995 йилда мен лицейни битирувчи курсида ўқир эдим. Ёшим атиги ўн саккизда ва университет қабул имтиҳонларининг натижалари қандай чиқишини ўйлаб қийналиб кетдим. Шу йил ўқишга қабул қилиндим. Бу ҳаётимнинг бурилиш нуқтаси бўлди, чунки институга кира олмаганимда хозир умуман бошқа касб эгаси ва бошқа бир тақдир йулни босаётган бўлардим.

— Бир эмас, бир неча чет тилларини мукаммал биласиз. Бу туғма қобилиятми ёки машаққатли меҳнат маҳсули? Тил ўрганувчиларга қандай маслаҳатлар бера оласиз?

— Чет тилини ўрганиш “яхши таассурот қолдирадиган” таржимаи ҳолга эга бўлиш ёки саёҳат қилишда қўл келадиган воситадан ҳам жиддийроқ аҳамиятга эга. У сизни ақллироқ, тез қарорга келувчи инсонга айлантиради ва ҳатто суҳбат олиб бориш қобилиятингизни оширади. Психологик тадқиқотлар ҳам икки ва ундан ортиқ тилда сўзлашиш афзалликларини намоён этмоқда. Икки тилни биладиган одамнинг мияси бир тилда сўзлашадиган одамникидан бошқача ишлайди. Француз тили мен ўрта мактабда ўрганган дастлабки чет тили бўлди, ва 9-синфга келиб инглиз тилини ўрганишни бошладим. Мен дарс вақтининг энг камида олти соатини суҳбатлашиш, интервью олиш методларини ўрганиш, ўқиш, ва тақдимотлар тайёрлаш билан ўтказар эдим. Ҳар куни турли китобларни ўқир эдим. Баъзан киши хаёлини бутун олам унга қарши фитна уюштирган ва чет тилини ўрганиш сенинг пешонангга ёзилмаган деган фикр қамраб олади. Умидсизликлар вақт ўтган сари йўқолади, муҳими, тил ўрганишга бўлган хоҳишни  йўқотмасдан ва ўрганишда давом этиш зарур. Чет тилини муваффақиятли ўрганганлар ҳам бундай ўй-хаёллар билан курашади — чунки шахсан ўзим бир кўп тилларни ўрганиш жараёнида бундан ўтганман. Мен ҳар куни бирор ишни бажаришни қоида қилиб олган эдим. Ўрганишни бошлаган вақтдан муттасил сўзлашиш жуда муҳим, ва шунинг учун мен нисбатан қисқа муддат ичида бошқа тилда бенуқсон сўзлашиш даражасига етдим. Бошқа тилни ўрганишни бошлашдан олдин, ундан олдинги тилда юқори даражага эришишга ҳаракат қилдим — шу тарзда мен шунчалик кўп тилларни ўрганишга муваффақ бўлдим. Афсуски, бугунги кунда қўлланилаётган баъзи тил ўргатиш методлари талабаларнинг вақти ва пулини беҳуда сарфлайдиган машғулотлар холос. Тил ўқитувчилари чет тилини ўргатишда адабиётни ўқиш ва грамматик қоидаларни батафсил таҳлил қилишга эмас, балки кўпроқ суҳбатлашиш кўникма ва малакаларига алоҳида эътибор беришларини хоҳлар эдим. Бундай дарсларда ўқиш ва ёзишга асосий эътибор қаратилади ва сўзлашув ва тинглаб тушунишга жуда кам ёки умуман изчил эътибор берилмайди.

— Ҳаётингизда эришган қайси ютуқларингиздан фахрланиш ҳиссини туясиз? Яна нималарга улгуришим мумкин эди деб ўйлайсиз?

— Инсон таълим олиш жараёнида ва ижтимоий ҳаётида юзлаб тўсиқларга учраб қоқилади ва йиқилади. Шундай бўлса-да, ҳаётнинг ушбу икки жабҳасидаги ҳолатларни битта муаммо деб қарамасликка ҳаракат қилиш жуда муҳим. Хатога йўл қуйишимиз табиий ва ҳиссиётлар ва ақл орасида мувозанатга эришиш учун вақт ва сабр кераклиги сабабли баъзан хатоларимизни дарҳол тузата олмаймиз. Бундай ҳолатларда инсон ўз эътиқоди ва ўзига бўлган ишончини, хусусан, кўп йиллар давомида аста-секинлик билан эришган режа ва орзуларнинг ушалганлиги ҳиссини йўқотмаслиги лозим! Булар Худо берган ҳар куни ўзингиздан ғурурланишингиз учун атиги бир неча сабаблар холос! Нью Йорк шаҳрида 1989 йилда туғилган Алия Сабур материлшунос олима. У 18 ёшида бундан 300 йил олдин ўрнатилган рекордни бекор қилган дунёдаги энг ёш профессор мавқеига эришган рекорд соҳибаси ҳисобланади. Олдинги рекорд соҳиби эса 1717 йилда Абердин Университети томонидан математика фанидан профессорликка тайинланган буюк Исаак Ньютоннинг шогирди Колин Маклорин бўлган. Бу факт инсоннинг барча оғир меҳнати саъй-ҳаракатлари ўз иқтидор ва ақлий қобилиятарингиз даражасига эришишга ёрдам беришини намойиш этади. Мен ҳам кўп натижаларга эришдим, аммо мен учун энг муҳими, доцентлик ва профессорлик унвонларини чет мамлакатда олган энг ёш ўзбекистонлик олимлардан бўлганлигимдир. 38 ёшимда, менга тўла профессорлик унвони берилди, ва бу Ўзбекистон таълим муваффақиятининг яхши кўрсаткичидир. Мен 14та докторлик диссертацияси ва 40та магистрлик ишларига илмий раҳбарлик қилдим. Бу каби ютуқларимдан фахрланаман.

— Европанинг етакчи олий таълим муассасаларида сабоқ бергансиз. Бу жараёнда қандай қийинчиликларга дуч келгансиз? Ёки қандай қизиқарли воқеалар юз берган?

— Педагогик фаолиятни танламаганимда дунё кўрмаган бўлар эдим. Чет элда ўқитувчилик қилиш фикри жуда мафтункор туюлиши мумкин. Шундай бўлса-да, ҳаётингизда биринчи марта рўпарангизда кўзларини катта очиб турган бир гуруҳ талабаларга қараб турганингизда бу шаҳар ташқарисига дам олишга чиқиш эмаслигини тушуниб етасиз. Жанубий Кореядаги меҳнат фаолиятимнинг биринчи куни университетнинг 2-курс талабаларига ўзимни таништираётганимда мени нималар кутаётгани ҳақида тариқча ҳам фикрга эга эмасдим. Тажриба қилиб синаб кўриш ва хатолар орқали, корейс тилини билмасам ҳам, ва талабалар инглиз тилида жуда чекланган даражада сўзлаша олган шароитда, талабалар билан тил топишишим лозим эди. Чет элларда ўқитувчилик касби билан шуғулланиш нафақат талабаларим, балки мен учун ҳам ўрганиш мактаби бўлди. У ердан мен ич-ичидан ўзгарган ва маърифатга эришган шахс бўлиб чиқиб келдим. Нафақат бу касбга бутун вужудим билан боғланиб қолганлигимни тушундим, балки яхшигина ўқитувчи эканимни ҳам англадим. Ишимдан завқ ола бошлаганимдан сўнг педагоглик қобилиятимга янада сайқал бера бошладим. Дунё улкан, гўзал, чалкаштирадиган, кўнгил қолдирадиган, ўзига тортадиган ва тинмай юраги уриб турадиган жой. Ўнлаб чет мамлакатларда яшаш менга сайёрамиз бўйлаб турли-туман ҳаёт шакллари ва тарзи ҳақида очиқ ўйлаш масаласини қўйди. Буни тушуниб етиш ҳар қандай мавжуд кўринишда лол қолдирувчи ва ҳайратомуздир.

—  Эшитишимизча, Босния университетида ўзбек тили тўгараклари фаолият юритар экан. Бу сизнинг ташаббусингиз билан амалга ошганми? Умуман, хорижликлар ўзбек тили, маданияти ва тарихини ўрганишга қандай қизиқиш билдиришади?

— Мен гарчи марказий Европада яшаб, фаолият кўрсатган бўлсам-да, Ўзбекистон билан халқаро муносабатларни ривожлантириш, ўзбек илми, маданиятини Европада тарғиб қилишни ўзимнинг бош мақсадим, деб билгандим. Боснияда Ўзбекистоннинг шуҳратини имкон қадар ёйишга ҳаракат  қилдим. Ҳар йили май ойида Боснияда ташкил этиладиган анъанавий Халқаро “Давлатлар куни” тадбирида Ўзбекистон бурчагини ташкил этиб, миллий либослар, таомларни тайёрлаб хорижликларга намоён қилдим. 2013-2018 йилларида ўзбекистонлик ўқитувчи-профессорлар билан ҳамкорликда кўплаб мақолалар ёздим, конференциялар ташкиллаш этдим. Бу ишларнинг ичида диққатга молиги — бу Туркияда 2014 йилда нашр қилинган “МОТИВ АКАДЕМИК” (2-сони) журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сонидир. Бу нуфузли журналнинг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони тайёрланди. Журналнинг ушбу сонига бош муҳаррирлик қилиш асносида ўзбекистонлик олимларнинг мақолаларини тўплаб, уларни таҳрирлаб, зарур ўринларда уларни инглиз тилига ўгиришга ҳаракат қилдим. Халқаро илмий-назарий журналдаги сараланган мақолалар мамлакатимизнинг бу соҳадаги илмий салоҳиятини дунё олимлари томонидан танилишига хизмат қилади. Бошқа номдаги халқаро илмий-назарий журнал — “Хорижий тилларни ўргатиш ва амалий тилшунослик” журналининг ҳам Ўзбекистонга бағишланган махсус сонининг 2015 йилда нашр қилиниши ҳам катта воқеа бўлди. Журналнинг бу махсус сони ўзбекистонлик хорижий тил мутахассислари томонидан тўпланган ва бу соҳанинг бутун мавзуларига бағишланган мақолаларни ўз ичига жамлади. Ушбу журнал менинг буюк мамлакатнинг фарзанди сифатида Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллигига қилган камтарона совғам бўлди.

— Бошқа мамлакатларнинг ҳам таълим тизимини пухта билган мутахассис, эксперт сифатида айтингчи, Ўзбекистон таълим тизимининг ютуқ ва камчиликлари нималардан иборат?

— Олий таълим сиёсати умр бўйи таълим олишнинг калитидир ва бу фикр кўплаб мамлакатларда ёши катта аҳоли сонини тобора ошаётган шароитда алоҳида аҳамият касб этади. Тинмай ривожланиб бораётган глобал иқтисодиёт шароитида иқтисодий рақобатни илгари суриш асосий омиллардан биридир, ва у ижтимоий якдиллик ва фаровонликка олиб келади. Дунё мамлакатларида олий таълим муассасалари глобал рақобатга дош берадиган кўникма ва малакалар тадқиқотлар асосини олиб бориш ва жамият фойдаси учун билимларнинг беришини такомиллаштириш зарурати кундан кунга ошиб бормоқда. Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон олий таълим тизимида улкан ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Шундай бўлсада, ҳали ўзбекистонликларга меҳнат бозорига керакли касб кўникмаларини ўргатиш ва тадқиқотлар ва инновациялар орқали иқтисодий ривожланишга ёрдам бериш борасида бажарилиши лозим бўлган ишлар кўп. Кейинги икки йил ичида олий таълим тизимида мамлакат иқтисодининг бошқа соҳаларига мос равишда бир қатор ўзгаришлар содир бўлди. Ўқитиш дастурлари қайта кўриб чиқилиши ва уларга ўзгараётган меҳнат бозори шароитларини ҳисобга олган ҳолда ўзгартиришлар киритиш лозим. Бундан ташқари, янги таълим ресурслари, асосан дарслик китоблар ўзбек тилига таржима қилиниб, эски адабиётларнинг ўрнига жорий қилиниши лозим.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълимни интернационализациялаштиришни устувор вазифа қилиб белгилаши лозим. Университетларга ўз узоқ муддатга мўжалланган лойиҳаларни ишлаб чиқишда автоном мустақиллик берилиши лозим, чет эллардан мутахассисларни таклиф қилиш учун вазирликдан рухсат олиш учун ёки халқаро конференция ташкил қилиш учун ойлаб кутиб туриш кераклигини бир тасаввур қилиб кўринг. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир қатор иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни бошлаб юборгани туфайли Ўзбекистон дунёга ўз эшикларини очишни бошлаётган бир вақтда бунақа ҳолатлар бўлмаслиги лозим деб ўйлайман. Биз миллий таълим дастурларимизнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши, дунё бўйлаб сифатли таълим олиш имкониятини ошириш, миллий таълим тизими сифатини янада яхшилаш, ҳамда кредит тўплашга асосланган тизимини барпо қилиш ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари битирувчилари дипломига Европа Иттифоқи қўшимча сертификати қўшиб бериш йўли билан талаба ва ўқитувчиларнинг таълим мобиллигини оширишга эришишимиз лозим. Биз сифатли таълим олиш имкониятларини пайдо қилиб инсон капиталини ривожлантириш йўли билан таълимнинг рақобатбардошлигига эътибор бериб, уни кучайтиришимиз лозим; акс ҳолда университетлар сифатга эътибор бермасдан субсидия ёрдамини олаверадилар.  

—  Ватанингизни соғинасизми? Она юрт ҳақида ўйлаганда кўз олдингизга биринчи бўлиб нима келади? Юртимизга қайтиб бирор олий таълим муассасасида дарс беришни истамайсизми?

     — Чет элга бориб ишлаб яшаш жуда қизиқарли бўлиши мумкин. Чет мамлакатлардаги ҳаёт  ва қийинчилик инсонни шахс сифатида ривожлантиради, янги кўникма ва малакаларни ўргатади ва қобилиятларни чархлайди, ҳаётнинг янгидан-янги маъноларини очиб беради, ва одатда уларни кўп йиллар эслаб юрадиган қимматли хотираларга айлантиради. Бироқ, “бегона мамлакатда ишлаб яшашнинг салбий томонлари” ҳам мавжуд. Ўз ватанларидан узоқда яшаб юрган одамлар ўзларини қандайдир бир “қамалиб қолгандай, у ерда ҳам, бу ерда ҳам эмасдай” ҳис қилишади. Бегона мамлакатда яшаш вақтинча деб қабул қилинганлиги учун, кўпчиликка бу туйғу тушунарли. Чет элларда вақтинча яшаб юрганда инсонни ватанда қолган тенгдошлари, қариндошлари ва дўстларининг ҳаётлари ҳам давом этиши асосий хавотирга соладиган масаладир: янги оилалар қурилади, одамлар лавозимларда кўтариладилар ва уйлар қурадилар. Ҳатто янги кўникмалар, тажриба ва режалар бор бўлсада, ватанга қайтган пайтда, кечаги саёҳатчи ўзига янги иш топиши кераклиги, янги яшаш жойи ташкил қилиши ва ижтимоий алоқаларни тиклаш кераклиги каби масалаларга дуч келади. Ўзга мамлакатда бир муддат яшаш одамни бутунлай ўзгартириб юбориши кўпчилигимизга яхши маълум. Шу сабабдан, мен Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг чет элларда яшаб–ишлаб юрган ватандошларни ватанга қайтишлари ва Ўзбекистон равнақига ҳисса қўшишга чақирганини ҳурмат билан қабул қилдим. Ҳозирги кунда мен ўзим олган бой тажрибамни баҳам кўришни хоҳлайман. Ўзбекистон шунчаки мамлакат эмас, у замин, минтақа, борадиган жой ва шу билан бирга ранглар, маданият ва ўзларини ўзбекистонлик бўлганларидан ғурурланадиган ва устун ҳис қиладиган турли туман инсонлар ҳамдир. Энди масала, инсон ўз ватани, яъни Ўзбекистон каби хилма-хил шароитлари кўплаб одамларнинг ҳаёт турмушларини ўтказишга имкон бераётган мамлакатнинг ҳаётига қандай қилиб ўз ҳиссасини қўша олишида. Том маънодаги, содиқ, дунёвий қарашларга эга ва шунингдек ватанни севувчи ўзбек сифатида мен қўлимдан келган ҳамма нарса билан ўз ватанимга, туғилиб ўсган диёрим Ўзбекистон равнақига ҳисса қўшиш ниятим бор. Мен билган ҳар қандай инсон буни айта олиши мумкин, аммо ҳар бир инсон буни самимий айта олармикан? Ўзбекистон бизга шунча кўп нарсалар берганки, биз ундан фақат қарздор бўлиб қолаверамиз, ваҳоланки асл ўзбекистонлик бу ўз ватанидан қарздорликни ҳис қила олган инсонлардир. Чет элга илк бор чиққанимда, халқаро тажрибам умуман йўқ эди, эндиликда эса ўз соҳамда мени халқаро майдонда танишади. Шу тариқа, мен Ўзбекистонга ўзимнинг халқаро тармоқлар яратиш тажрибамни олиб келиш орқали ва таълим соҳасида ишлаб, бир гуруҳ ёш авлод вакилларига таълим ва тилларни ўзлаштиришда яшил чироқ бериш билан Ўзбекистон равнақига ҳисса қўшишим мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан