Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Журналист минбари: Ёмон-ёмон, қош қўяман деб, кўз чиқарган ёмон!
6.08.2018 17:37,  
109

Ёхуд қатъий қарор оҳангида айтилган таклифдан кейинги ўйлар

Тагсиз хабар тарқамас...

Ҳозир замон ўзгача, давр бўлакча. Вақт шиддати ҳам шунга яраша. Масалан, бирор йиғилишда ўткир муаммо юзасидан фикр билдирсангиз, яшин тезлигида дунёнинг нариги бурчагига етиб боради. Устига-ус­так, ҳали “берди”сини айтмасингизданоқ, акс-садо беради. Мабодо, таклифингизни оқибатини ўйламай ва ҳар томонлама асосламай, қатъий хулоса сифатида ўртага ташласангиз, унда томошанинг каттасини кўраверасиз. Мана, бир мисол.

Жорий йилнинг 30 июнида мамлакатимизда Ёшлар куни илк бор нишонланди. Шу муносабат билан жойларда анжуманлар ўтказилди. Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам навқирон авлод вакиллари даврасида бўлди. Очиқ мулоқот чоғида ноёб иқтидор соҳибларидан бири ўзининг пойтахт автобекатларида кутубхона, Wi-Fi ҳудудлари ва бошқа имкониятларга эга кичик ёшлар маркази очиш лойиҳаси ҳақида сўз юритади. Ҳоким унинг режасини тинглагач, “Буни бекатлардан бошқа ерда ташкил этсак, мақсадга мувофиқ. Чунки бекат транспортлар, автобуслар тўхташи учун. Кўпчилик дўкон қурмоқда. Натижада машиналар тўхтаб, жамоат транспортлари ҳаракатига халақит қилмоқда. Яқин кунларда бекатларда дўкон бўлмайди. Бекат бекатлигича қолади”, дейди.

Табиийки, бу жавоб оммавий ахборот воситаларида батафсил ёритилди. Чунончи, ЎзА томонидан “Тошкент шаҳри бекатларидаги барча маркетлар ёпилади” сарлавҳаси остида тарқатилди. Бошқа ижтимоий тармоқларда “Тошкент шаҳри автобус бекатларидаги дўконлар бузилади”, “Барча бекатлар бузилишига буйруқ берилди”, “Энди бекатларда магазин бўлмайди”, “Тошкент бекатларидаги дўконларни ёпиш таклиф қилинди” қабилида ҳар хил талқин этилди. Далил сифатида бояги сўзлар айнан келтирилди.

Моҳиятан ёндашганда, бу хабарлар ҳоким бекатлардаги дўконларни бузишга росмана аҳд қилди, деган маънони англатарди. Шу боис, қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кимдир янги ташаббусни маъқулласа, кимдир рад этди. Кўпчилик қаттиқ ранжиб, жиддий эътирозлар билдирди. Марҳамат, улардан айримларининг мазмуни билан танишинг:

“Бу дўконлар кимга халақит берди?.. Уларни бировлар машинасини бекатда тўхтатаётгани касофатига бузиш шарт­ми?”

“Дўконларга тегманг! Ундан кўра, эгаларидан бекатни ҳар доим тоза-озода тутишини, қулайликларни кўпайтиришни талаб қилинг! Халққа ва давлатга шуниси фойдалироқ”.

“Собиқ ҳоким даврида “Бекатларда дўкон оч, деворини ойнаванд қил, ичига кондиционер ўрнат!” дейишди. Эшик-деразаси фақат “Акфа”ники бўлишини шарт қилиб қўйишди. Тадбиркорлар қанча-қанча маблағ сарфлаб, бу талабни адо этди. Шундай экан, ўшанда бизга эшик-дераза сотган одам бугун уларни бузишга чоғланганини қандай баҳолайсиз?”

“Қизиқ, бири “Қур!” дейди – отнинг калласидай пул сарфлаб, айтганини бажарасан. Бошқаси келиб, “Буз!” дейди – додинг­ни кимга айтишни билмайсан. Бунақада ким катта сармоя тикиб, бизнес қилади?!.”

YZdPwsu4y_-Y4YkAbHbhfs2aw-CHFVXB.jpg

“Беш йилча аввал ҳар битта бекатни бир ярим мингга сотишувди. Энди уларни олганлар пулларига куйиб қолиш­лари аниқ”.

Бундай гап-сўзлар кўпайгач, масъуллар ҳушёр тортди. Пировардида “Сайт­ларда нотўғри ёзишди. Ҳоким “Фалон нарсаларни бузамиз, йўқотамиз!” демади. Учрашувдаги гапини таклиф сифатида айтди. Ҳозирча бекатлардаги дўконларни бузиш тўғрисида қарор йўқ. Бу масалада ижтимоий фикрга тая­нилади. Шу мақсадда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти ўз сайти орқали сўров ўтказади. Узил-кесил қарор пойтахтликлар фикри ўрганилган ҳолда қабул қилинади” мазмунида фикр билдирди.

Хўш, бу ўринда ким ҳақ – журналистларми ёки ҳокимлик мутасаддиларими?

Очиғи, мен ўша тадбирда қатнашганим ҳам, ҳокимнинг жавобини шахсан эшитганим ҳам йўқ. Инчунин, ўзимча қозилик қилолмайман. Фақат бир нарсани эслатмоқчиман: шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламаганидек, тагсиз хабар ҳам бежиз болаламайди. Касбини улуғлайдиган ва нуфузли таҳририятда ишлайдиган журналист келиб-келиб, кимсан – пойтахт шаҳар ҳокими айтмаган гапни ўзича бичиб-тўқиб, элга ёймайди. Қолаверса, “Яқин кунларда бекатларда дўкон бўлмайди. Бекат бекатлигича қолади” калималарини эшитган ёки ўқиган ҳар қандай одам “Ҳоким аллақачон қатъий тўхтамга келибди. Бу ҳолда сўров хўжакўрсинга ўтказилади!” деган хулоса чиқариши тайин. Айни чоғда, баъзи ҳамкасбларимиз шошқалоқлик қилиб, тўйдан олдин ноғора қоқишганини, барча бекатларни бузишга буйруқ берилгани ҳақида нотўғри ёзишганини оқлаб бўлмайди...

Энди эса, келинг, асл муддаога ўтайлик.

Мевасимон бекатлар борлигини биласизми?

Биласиз, бекатлар автобус, трамвай, троллейбус, поездлар, йўналишли таксиларга чиқиш ҳамда улардан тушиш учун мўлжалланган жамоат жойи ҳисобланади. Шу боис, уларни одамлар учун ўнғай ерда қуриш, маҳаллий иқлимга мослаштириш, зарур қулайликларни муҳайё этиш муҳим аҳамият касб этади.

Кейинги вақтларда эса бекатларнинг антиқа турлари кашф қилинди. Мисол учун, Буюк Британиянинг чекка Уэлхемп­тон қиш­лоғида ажабтовур автобус бекати қад ростлади. Ҳамкасбимиз Ш.Тўлагановнинг ёзишича, у тошдан кўтарилган бўлиб, қадимги Англия уйларини эслатади. Ичида кресло, тувакли гуллар бор. Ўриндиқлари ёстиқли, деворига суратлар илинган. Эскича ёғоч ромга автобуслар қатнови жадвали жойлаштирилган.

АҚШнинг Балтимор шаҳрида яшовчи ҳайкалтарош Кристофер Феннелл эринмаганлар сирасидан экан. У ташландиқ автобусни ғаройиб бекатга айлантирди. Лондонлик янгилик шайдолари ҳам бўш келишмади, юз мингта деталдан LEGO ўйин­чоқларига монанд бекат ясашди.

Хоҳ ишонинг-хоҳ ишонманг, Япониянинг Конагаи шаҳридаги бекатлардан 16 таси турли мева-сабзавот шаклида. Одамлар уларга обдон меҳр қўйишган. Шунданми, “Мен “Қовун”дан ўтдим, “Тарвуз”да тушаман”, дейишни хуш кўришади. Сайёҳ­лар ҳам мевасимон бекат кўринишидаги ёки унинг тасвири муҳрланган совғаларни харид қилишни ёқтиришади.

image.jpg

Бундан-да қизиғи, салгина бурун Остонадаги айрим бекатлар томига қозоқча қалпоқ “кийдирилди”. Россияда бўлган жаҳон чемпионати арафасида эса Рос­товда футбол тўпига ўхшаш бекат лойиҳаси маъқулланди.

Ким қилади ўттиз, ким қилади тўс-тўс

Давр тақозоси билан ҳозир бекатлар ҳам замонавийлаштирилмоқда. Бу борада бизнинг юртимизда, хусусан, Тошкент, Андижон, Наманган, Самарқанд шаҳарларида ҳам диққатга молик ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бекатларни ойнаванд, ёғин-сочиндан ва саратон офтоби тиғидан ҳимоялайдиган қилиб тиклаш, иситувчи-совитувчи кондиционер, банкомат, тўлов терминали, автобусларнинг келиш вақтини, валюта курсини, об-ҳаво маълумоти ва соатни кўрсатувчи электрон табло, мобиль телефон, планшет ва ноутбукларни қувватлантириш ускуналари, турли ўриндиқлар ва чиқинди қутилари билан таъминлаш, рекламаларни жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таркибида дўконлар ва тамаддихоналар очилиб, маиший, савдо-сотиқ, интернет, компьютер ва пайнет хизматлари йўлга қўйилмоқда. Шунинг баробарида талай кишилар иш билан таъминланмоқда. Йўловчилар эса кутаётган автобуслари келгунга қадар бекатда нафас ростлашмоқда. Хоҳласалар, худди шу ерда ўз эҳтиёжлари учун зарур маҳсулотларни харид қилиб ёки ҳар хил хизматлардан фойдаланиб, вақтдан ютмоқда.

Жорий йилнинг 30 июнида Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Термизда орқа ва ён узвлари уяли поликарбонат устунлардан иборат иккита “ақлли бекат” ишга туширилди. Уларда йўловчилар юқорида айтилган имкониятлардан ташқари, бепул Wi-Fi тармоғидан, пойабзал тозалагичдан фойдаланиши, “Фуқаро – тезкор ёрдам хизмати” фавқулодда алоқа ахборот панелига уланишлари мумкин. Эътиборли жиҳати, бекатнинг очиқ ва ёпиқ кутиш залларидаги ёритгичлар, иқлимни назорат қилувчи қурилмалар, атроф-муҳит мониторинги сенсори, USB-портлар ва бошқа жиҳозлар ишлаши учун керакли энергияни шу ерга ўрнатилган қуёш панеллари етказиб беради. Видеокузатув камералари йўловчилар оқимини ўрганиб, жамоат транспорти қатновини оқилона режалаштиришда, бекат ва унинг атрофида жамоат тартибини сақлашда асқотади. Бекат ойналари эса кеч тушгач, ижтимоий ва тижорий рекламалар намойиш этиладиган катта экран вазифасини ўтайди. Роликларни ичкарида ўтириб ёки ташқарида туриб, бемалол томоша қилаверасиз.

Инновацион бекатлар йўловчилар ва ҳайдовчиларга қулайлиги билан кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Шунга кўра, ҳозир Термизда яна 8 таси қурилмоқда. Кейинчалик уларнинг жами сонини 50 тага етказиш, қарийб учдан бир қисмида кутубхона, савдо-сотиқ ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари очиш мўлжалланаётир. Бу тажрибани юртимизнинг бошқа вилоят ва шаҳарларида ҳам дадил қўллаш тараддуди кўрилмоқда.

1511.jpg

Таажжубки, ана шундай бир пайтда Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигидан фарқли ўлароқ, бекатлардаги дўконлардан воз кечиш ғоясини илгари сурмоқда. Қани, бир оз кутайлик-чи, халққа улардан қай бири танлаган йўл маъқул бўларкин?..

Бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдирманг!

Ҳа, айтганча, бизнинг диёримизда бекатларда бошқа нарсалар қуриш тақиқланмаган. Билъакс, “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасида санитария ва техник талабларга мос, замонавий кўринишга эга бекатлар ва тўхтаб ўтиш манзилларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари рухсати билан аҳолига хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилиши мумкинлиги қайд этилган. Фақат бунда йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги ҳамда транспорт ҳаракати хавфсизлиги таъминланиши шартлиги уқтирилган.

Зеро, бекатларни хусусий автомобиллар, енгил таксилар ва юк машиналари банд этиши мумкин эмас. Акс ҳолда, йўловчиларга, автобуслар ва йўналишли таксилар ҳайдовчиларига халақит беради. Гоҳо бахтсиз ҳодисаларга сабабчи бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бироқ биргина шу важни рўкач қилиб, бекатлардаги эл корига яраётган дўконлар ва бошқа шохобчалардан воз кечиш, бизнингча, адолатдан бўлмайди.

Сабабига қизиқсангиз, айтаман: агар ўн нафар ҳайдовчидан икки нафари бекатда харидор ёки мижоз сифатида тўхтаса, қолгани йўловчи овлаш илинжида тўхтайди. Аксарияти хусусий автомобилида ноқонуний киракашлик қилаётган, эртаю кеч ҳали у-ҳали бу жамоат жойига танда қўйиб, ҳамманинг асабини қақшатаётган кишилар бўлиб чиқади. Шундайлардан бир галаси 4-5 йилдан буён Сергелидаги “10-оилавий поликлиника” бекатини “забт” этишган. Қачон қараманг, улар автобус тўхтайдиган майдончага машиналарини икки қаторга тизиб қўйиб, ўзлари йўловчилар курсисига ўтириб олишади. Танбеҳ берсангиз, заррача пинак бузишмайди. Эшикдан ҳайдасангиз, тешикдан кириб келаверишади. Шунинг касофатига автобуслар бекатдан анча нарида тўхташга, одамлар уларни қишин-ёзин очиқ жойда тик туриб кутишга мажбур бўлишади. Бундай ҳолатларни бошқа бекатларда ҳам бот-бот кузатиш мумкин.

Яна бир гап. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, автофалокатлар ва тирбандликлар олдини олиш, атроф-муҳитни, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини муҳофаза қилиш – бошқалар мўмай сармоя, меҳнат ва вақт сарфлаб, бекатда минг машаққат-ла қурган дўконнинг кулини арзимас баҳонада кўкка совурса бўлаверади, дегани эмас. Шунингдек, ўша ерда фаолият юритиб, ўзининг ва ўзгаларнинг рўзғорига барака киритаётган, озми-кўпми, эл-улусга нафи тегаётган ишбилармонларни ортиқча ғам-ташвишга қўйиш инсофдан эмас. Сирасини айтганда, бу масала бўйи­ча ижтимоий сўров ўтказиб, муаммони мураккаблаштиришнинг, одамларни чалғитиб, калаванинг учини баттар чигаллаштиришнинг асло ҳожати йўқ!

Тақиқлагандан кўра тартибга солган афзал!

Агар асл мақсад жамоат транспорти ҳайдовчилари ва йўловчиларни хавотирлантираётган қоидабузарликларга чек қўйиб, хавфсизликка эришиш бўлса, у ҳолда фақат бекатлардаги эмас, балки уларга туташ майдонлардаги, йўллар ва кўчалар бўйидаги дўконлар, ошхона, ресторан ва тўйхоналарни ҳам кўчириш керак. Чунки уларнинг теграсида бекатлардагидан-да кўпроқ машиналар узоқ туриши, бошқа транспортлар қатновини қийинлаштириши барчамизга беш қўлдек аён. Давомини суриштирсангиз, Тошкентдаги мактаблар ва болалар боғчалари олди ҳам куннинг муайян вақтларида енгил автомобиллар билан тўлиб-тошади.

Хўш, холисано айтинг-чи, бу янглиғ нохушликларни қандай бартараф этамиз? Ёки яна бекатлардаги дўконларни бузишдек осон ва қалтис усулни қўллаймизми?

Менимча, бу ўринда бор нарсани йўқ қилиш муаммога ечим топиш омили бўлолмайди. Қайтага машинасини ман этилган жойда тўхтатиб, тирбандликни юзага келтираётганларни қатъий тартибга чақириш, ҳайдовчилар ўртасида тушунтириш ва профилактика ишларини изчил олиб бориш афзалроқ. Яхши гап кор қилмаса, айни турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораларини янада кучайтириш, дам-бадам тезкор тадбирлар ўтказиб, айбдорларни қилмишига яраша жавобгарликка тортиш керак. Шундай қилинса, бошқаларга ҳам яхши сабоқ бўлади ва бекатларда қоидабузарлик­лар камайишига хизмат қилади. Тақиқни эса кўп қаватли уйлар биқинида ва остида жойлашган, уззукун аччиқ тутун, бадбўй ҳид тарқаладиган, шовқин-сурон аримайдиган, ногоҳоний жанжаллар рўй бериб турадиган емакхоналарга нисбатан татбиқ этган маъқул. Чунки улар вақти бемаҳал одамларни безовта қилиб, кайфияти ва оромини бузаётир. Интернет кафе, тунги клуб, қаҳвахона, ресторан каби кўнгилочар гўшалар эса ичкиликбозлик, кашандалик, гиёҳвандлик, беҳаёлик ва қиморбозлик ўчоғига айланиши хавфи борлиги туфайли кўпчиликни росмана хавотирга солаётир.

autobus.jpg

Борди-ю, биз фақатгина бекатлардаги дўконларни бузиш билан кифоялансак, деярли ҳеч нарса ўзгармайди. Аксинча, ҳаммаси эски тос, эски ҳаммомлигича қолаверади. Устига-устак, катта талафотлар келиб чиқади. Жабрини эса қўпориш­ларнинг бошида турганлар эмас, бекатни ижарага олганлар, ўша ерда ишлаётганлар ва йўловчилар тортади.

Қўйсангиз-чи, дейсизми, унда эшитинг!

Кимга – ҳой-ҳой, кимга – вой-вой

Биринчидан, ҳозир пойтахтимизда 2121 та бекат бор. Шундан 210 тадан ортиғи ойнаванд, 727 тасида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди. Уларнинг эгалари ҳар ойда давлатга энг кам иш ҳақининг етти баравари миқдорида солиқ тўлайди. Бинобарин, давлат ғазнасига ҳар ойда жами 940 миллион сўмга яқин маблағ тушади. Тадбиркор ўзи ишга ёллаган ҳар бир ходим учун белгиланган ставканинг 30 фоизи миқдорида тўлайдиган пулни ҳам қўшсак, бу кўрсаткич янада ошади. Демак, бояги дўконлар бузилса, катта тушум бой берилади.

Иккинчидан, бекатлардаги дўконларни йўқотиш тарафдорлари бировларнинг меҳнатига ва мол-мулкига ачинмаслиги, дунёни сув босса, тўпиғига чиқмаслиги мумкиндир. Илло, ундан замонавий бекатлар бунёд этган тадбиркорлар, компания ва корхона катта зарар кўради. Ўлганнинг устига тепгандай, сўнгги пайтларда бизда турар ва нотурар жойларни олдиндан баҳоламай, компенсация пулини тўламай ёки ўрнига бошқа ҳудуддан ер ажратмай, жилла қурса, эгаларини олдиндан огоҳлантирмай, вақтинчалик турар жой билан таъминламай, ижара ҳақи ва кўчиб ўтиш харажатларини қопламай, кунпаякун қилишлар авж олди. Бунга адлия органлари ўтказган ўрганишлар асноси қатор ҳокимликлар 2016-2018 йилларда ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда қонун талабларига риоя қилишмагани аниқлангани яққол мисол бўлади.

Ана, борингки, келгусида бундай кўнгилсизликлар такрорланмайди, дўкони бузилган ҳар қайси мулкдор товон пули ёки бош­қа ҳудуддан ер олади, дейлик. Лекин у кечагина бинойидек юришиб турган ишидан ва узлуксиз тушиб турган даромадидан мосуво бўлади. Тадбиркорлик фаолиятини қайта йўлга қўйиш эса осон кечмайди. Бунинг учун ортиқча вақт ва маблағ сарфлайди. Хўп, майли, моддий зарар қопланар, аммо ҳақиқий тадбиркор учун ҳар дақиқаси ғанимат вақт-чи? Уни ортга қайтариб, ўрнини тўлдириб бўладими?

Энг ачинарлиси, бекатлардаги шохобчаларнинг ҳар бирида камида икки-уч киши меҳнат қилади. Худо кўрсатмасин, ўша объектлар ёпилса, қарийб 1500-2200 нафар одам ишидан айрилади. Бу ўнлаб-юзлаб оилалар даромадига ва турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади, уларнинг рўзғоридан қут-барака кетади.

Учинчидан, ҳокимлик вакиллари ўз чиқишларида “Одамлар семечка чақиб, ҳамма ёқни ифлос қилади, чиқинди қутилар ва скамейкалар йўқ. Шунинг учун ҳоким дўконлардан воз кечсак, нима дейсизлар?” деган фикрни олға сурди”, деган гапни алоҳида таъкидлашган. Бу фикр қисман тўғри. Автобус кутаётганлар орасида печенье, конфет, музқаймоқ қоғозларини, сигарета қолдиқлари ва писта пўчоқларини икки қадам наридаги чиқинди идишига ташлашга эриниб, дуч келган ерга улоқтирадиганлар учраб туради. Ҳатто бекат буюм-жиҳозларига зарар етказишдан, уларни ўмаришдан тап тормайдиганлар ҳам топилади. Мана, исботи: бир сафар “Ойбек” метроси тепасидаги бекатга ўрнатилган қувватлантириш ускунаси аллакимлар томонидан таг-туги билан қўпориб кетилди. Ҳаял ўтмай, “Олой бозори” бекатидаги қўл тозалаш воситалари зимдан гумдон қилинди. Айримларининг ўриндиқларига, ойналари ва реклама тасвирларига шикаст етказилгани, жиҳозлари ўғрилангани аниқланди.

Бундан қатъи назар, бекатларда чиқинди қутилари ва ўриндиқлар йўқлиги, оёқос­тига писта пўчоқлари ташланаётгани сабабли дўконлардан воз кечиш мантиққа тўғри келмайди. Аксинча, ниҳоятда кулгили туюлади. Ахир ўзингиз ўйланг, бекатда писта чақишнинг дўконларга нима дахли бор? Ёки уларда фақат писта сотиладими? Бош мақсад бекатларда озодаликни таъминлаш ва йўловчилар учун шароит яратиш бўлса, дўконларни беркитишдан ўзга чора йўқми? Ҳадеб уларга ёпишиб, соҳибларини зор қақшатгандан, қурувчиларни бузувчиларга айлантиргандан кўра, бекатларда писта сотишни тақиқлаб қўя қолиш, ўриндиқлар ва чиқинди идишларини янгилаш минг бора осон эмасми? Шунингдек, кондиционерлар, таблолар ва бошқа қурилмаларни кўпайтириш ҳамда узлуксиз ишлашини таъминлаш чораларини кўриш зарур эмасми? Наҳотки, шаҳар масъуллари бу оддий ҳақиқатни унутиб қўйган бўлсалар?!.

Терга ботган ҳам, совуқ қотган ҳам йўловчилар

Аслида бунақа тартибсизликлар, мулозимлар уқтиришганидек, дўкони бор бекатларда эмас, ҳувиллаб ётганларида кўпроқ учрайди. Чунки бекатда фаолият юритаётган тадбиркорлар мижозлари кўпайишидан манфаатдор бўлишади. Ишлари бароридан келиши учун шинам-кўркам шохобчалар очишади. Турли хизматлар кўрсатиб, ҳамюртларимиз ҳожатини чиқаришади, уларнинг мушкули енгиллашишига ва вақтлари тежалишига баҳоли қудрат ҳисса қўшишади. Ўз нав­батида, аксарияти бекатларни замонавий кўринишга келтириш, жиҳозларини асраб-авайлаш чораларини кўради, эҳтиёт – шарт, қулф-калит ўрнатади. Айвон ичи ва ён-атрофини супириб-сидириб, эшик-ойналарини ювиб-тозалаб, санитария-гигиена талабларига мос равишда саранжом-саришта тутади.

Тадбиркорларга берилмаган, одам сийрак бекатлардаги аҳвол эса ҳаммамизга маълум. Уларнинг майдончаси кафтдеккина. Шийпончаси тўртта темир устундан, орқа ва ён томонлари пўлат панжара ёки қалин шишадан иборат. Томи эни бир, узунлиги икки қулочлик тунука ёки пластик материал билан қоп­ланган. Маҳкам пайвандланган курсиси биттагина. Унга тўрт киши аранг сиғади. Хилватроқдаги бекатларнинг майдончаси бору шийпончаси ва ўриндиғи йўқ. Қаровсизларининг саҳни ўнқир-чўнқир, атрофи хас-хашагу чиқиндига тўла. Табиийки, бу бекатлар том маънода йўловчилар жонига аро киролмайди. Уларни қор-ёмғирдан ҳам, қиш чилласи совуғи ва саратон офтоби тиғидан ҳам асрай олмайди.

foto_zhumbo_bekatlar_ishga_tayyermi_.jpg

Дарвоқе, ҳар гал кунлар узайиб, бутун борлиқ тандирдек қизиган дамларда барчамизга азалдан таниш манзара такрорланади: бекат томидан тушадиган бўйрадеккина соя қуёш оғиши бўйича ҳали у ён-ҳали бу ён силжийди. Йўловчиларнинг бир қисми унга эргашиб, гоҳ бекатнинг олди ёки орқасига, гоҳ ўнги ёки сўлига ўтишади. Қолганлари очиқ жойда тик қотганча, жиққа терга ботиб, автобус кутишади. Чидолмаганлари четдаги дов-дарахтлар тагидан паноҳ топишади.

Ёғингарчилик фаслидаги аҳвол бунданам беш баттар. Шийпончага сиғмаганларнинг уст-боши шалаббо бўлади. Айрим бекатлар олди кўлмаклашиб, автобусга чиқиб-тушиш учун қуруқ жой топилмайди. Буям камлик қилгандай, ҳовлиқма ҳайдовчилар бошқараётган автоуловлар сизга ифлос сув ва лой сачратиб ўтиб кетади. Мен Жанубий вокзал рўпарасидаги ҳамда Янги Сергели кўчасининг ҳар икки четидаги “Ўзгариш”, “Сергели деҳқон бозори”, “Ҳокимият” бекатларида бундай ҳолатларнинг қайта-қайта гувоҳи бўлганман. Шаҳримизнинг қоқ марказидаги “Халқлар дўстлиги” бекати олди ёмғир кучайганда шарқироқ сойга айланганини ҳам кўп кўрганман. Афсус, бу рўйхат шулар билангина тугамайди.

Бекатларни ойнаванд қилишдан мақсад нима эди?

Бундан 5-6 йил олдин шаҳардаги бекатларни усти ёпиқ, эшикли ва ойнаванд қилиб қуриш, кондиционер ўрнатиш, эскиларини таъмирлаш ҳаракати кучайди. Ижарачилар зиммасига айнан шундай вазифалар юклатилди. Самараси чакки бўлмади. Бир нечта бекатда йўловчилар автобуслар­ни қишда иссиқ, ёзда салқин хонада ўтириб кутиш, келиб тўхташини кузата олиш имконини қўлга киритишди. Бу йил эса тескариси бўлди. Ойнаванд бекатлардан аксарияти асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ва пардоз-андоз воситалари тасвири туширилган тўр матолар билан ўраб ташланди. Оқибатда бекатлар кўрки йўқолди. Улар хуфиёна иш юритиладиган, ҳамма ёғи берк сирли хонадек кўзга хунук кўринадиган бўлиб қолди. Ташқаридан қараган одамга ичида кимлар ва нималар борлиги кўринмайди. Йўл-йўлакай бирор нарса олмоқчи ёки тўловни амалга оширмоқчи бўлганлар ўзларига керакли шохобча очиқ-ёпиқлигини билиш учун автобусдан тушиб, ичкарига киришга мажбур бўладилар. Шошқалоқ ҳайдовчилар эса автобусга чиқадиганлар йўқ экан, деган хаёлга бориб, бекатда тўхтамай ўтиб кетадилар.

7_s.jpg

Бу аҳволни кўриб, ўзингизга ўзингиз беихтиёр савол берасиз: “Муқаддам бекатларни ойнавандлаштиришдан муддао нима эди – йўловчиларга чор тарафни бемалол кўришлари учун қулайлик яратишми? У ҳолда энди уларга нега бошдан-оёқ реклама ёпиштириляпти? Бу тадбиркорларни ортиқча харажатга чув тушириб, устидан кулиш эмасми?”

Тушунаман, реклама текин бўлмайди, яхшигина даромад келтиради. Лекин пулни деб, бекатлар чиройига путур етказиш жоиз эмас. Жамоат жойларидаги реклама-эълонлар аҳолига ноқулайлик туғдирмайдиган ва ғашга тегмайдиган қилиб жойлаштирилиши керак.

Сўнгсўз ўрнида

Юқорида ўқиганларингиз менинг деярли ҳар куни жамоат транспортидан фойдаланадиган оддий йўловчи сифатида ўртага ташлаган шахсий фикр-мулоҳазаларим. Уларга кимлардир қўшилиши ёки қўшилмаслиги, бошқалар ўз таклиф-тавсияларини билдириши мумкин.

Зеро, кўпчилик кўл, унуми мўл бўлади. У ҳеч қачон адашмайди, кенгашли тўй тарқамайди. Шу боис, ҳар қандай ишга қўл уришдан олдин эл билан маслаҳатлашиш фойдадан холи бўлмайди. Бу гапларни айтишдан мақсадимиз битта, у ҳам бўлса – пойтахтимизда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган ҳозирги пайтда катта-ю кичикнинг ҳар куни, ҳар соат иши тушадиган бекатлар ҳам мудом эътиборда бўлиши, улар ғариб-абгор аҳволга тушиб, осмонўпар баҳайбат бинолар “оёқос­ти”да мунғайиб қолмаслиги лозим. Таъбир жоиз бўлса, биз туя элакка қолганда оқсашига йўл қўймаслигимиз, қош қўяман деб кўз чиқармаслигимиз керак!

Эшитдик, яқинда ҳокимликда бўлган учрашувда Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорлар ва хорижий сармоядорларни иморатлар қуриш учун бўш ерлардан унумли фойдаланишга, зинҳор-базинҳор истироҳат боғларини, ям-яшил дарахтзорларни, отилиб турган фаввораларни ва марказдаги уйларни бузмасликка, “снос”га тушириб, лойиҳа қилиб келмасликка ундабди.

Буни ўғил бола гап десак ва бекатлардаги дўконларга нисбатан ҳам қўлласак, хато бўлмайди. Унинг натижаси эса иш билан сўз бирлигини таъминлаб, ваъдага вафо қилишга боғлиқ!

Абдунаби Ҳайдаров,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

uza.uz сайтидан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан