Тошкентда дарахтларни рухсатсиз кесган шахсларга чора кўрилди

07.08.2018 | Ўзбекистон | 2698

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабарига кўра, бошқармага деярли ҳар куни дарахтларнинг рухсатсиз кесилаётгани, буталанаётганига оид қўнғироқлар бўлади.

Ҳар бир мурожаат тегишли тартибда ИИББ, шаҳар ҳокимлиги ва Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология давлат қўмитасининг ходимлари томонидан ўрганиб чиқилади ва бу жараён маълум вақтни ўз ичига олади.

5 ва 6 август кунлари 102 рақамига Чилонзор туманидан иккита хабар келиб тушган. Биринчи ҳолатда 4-уйнинг олдида, М.Ихтиёржонга тегишли хусусий корхона биноси қурилаётган ҳудудда корхона ишчилари томонидан шумтол дарахтининг учлари кесиб ташлангани айтилган. Ундан эса 2 метрлик дарахт танасининг ўзи қолган. Текширувлар натижасида ушбу дарахтни кесиш учун Ихтиёржонда рухсат бўлмагани аниқланган. Шу боис, ҳуқуқбузарга нисбатан Бионазорат томонидан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 162-моддасига (“Шаҳарлардаги дарахтларни шикастлантириш ёки уларни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаш”) мувофиқ баённома расмийлаштирилиб, ЭКИХ 1 баравари миқдорида жарима солинди.

6 август куни Чилонзор тумани 6 кварталда яшовчи бошқа бир фуқародан ҳам қўнғироқ бўлди. Унинг хабар беришича, янги қурилиш объектларидан бирининг олдида номаълум шахслар терак дарахтларини кесишган. Бироқ, воқеа жойига етиб борган профилактика инспекторининг вазиятга ойдинлик киритишича, ҳеч қандай қоида бузилиш ҳолатлари кузатилмаган. Аксинча, дарахтлар қуриган шохлардан тозаланаётган бўлган.

Худди шунга ўхшаш воқеа Мирзо Улуғбек туманида ҳам рўй берди. Қорасув-4 даҳасида яшовчи фуқаро мурожаати юзасидан текширув ўтказилганда маълум бўлди-ки, шикоятчининг қўшниси ҳокимиятга мурожаат қилиб, манзарали дарахтнинг қуриган шохларини кесиб ташлашларини сўраган экан. Қўшниларнинг сўзларига кўра бу шохлар исталган вақтда синиб тушиши ва зиён етказиши мумкин эди.

5 август куни Миробод туманидан кўпчилик номидан қўнғироқ бўлиб, Амир Темур кўчасидаги 24-уй ҳовлисида номаълум шахслар бир неча йиллик дарахтларни кесишаётганидан шикоят қилишган. Манзарали дарахтлар экилган жойда эса МЧЖ учун бино қурилаётган экан. Текширув натижасида МЧЖ раҳбарияти Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология давлат қўмитаси рухсатини кутиб ўтирмасдан ҳақиқатдан ҳам 5 та манзарали дарахтларни кесгани маълум бўлди.

Бунга жавобан ушбу жамият вакиллари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 31 мартдаги “Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорини далил сифатида келтиришган.

Ушбу қарорнинг 1-иловасида (“Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти”) шундай дейилади: Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга фақат санитария мақсадларида ҳамда бинолар, иншоотлар ва коммуникацияларни қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ ҳолда йўл қўйилади.

Унда шунингдек, юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлган ва улар томонидан ёғоч-тахта ва ҳосил олиш учун экилган дарахтлар ва буталарни (терак ва бошқа тез ўсувчи навлар, тут плантациялари, мевали дарахтлар ва буталар) кесишга рухсатнома талаб этилмаслиги ҳам белгилаб қўйилган. 

Бироқ, МЧЖ ушбу ҳолатда ҳам дарахтларни кесишга рухсатнома олиши кераклиги айтилди. Чунки бу дарахтлар қарорда белгиланган мақсадлар учун айнан улар томонидан экилмаган. Қолаверса, регламентнинг 3-бандида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни рухсатнома олмасдан кесиш тақиқланиши қайд этилган. Ҳозирда МЧЖнинг хатти-ҳаракати тегишли органлар томонидан ўрганилмоқда.

“Ҳурматли ҳамшаҳарлар! Шаҳар ҳудудида дарахтларнинг тегишли рухсатномасиз кесилиши ҳолатлари юзасидан 102 шошилинч телефон рақамига ёки Экология қўмитасининг 277-75-43 ишонч телефонига, шунингдек унинг ҳудудий Бионазорат бўлинмаларининг 268-36-86 телефон рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкинлигини маълум қиламиз”, — дейилади Тошкент ИИББ хабарида.