Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ички ишлар вазирлиги: фуқароларда иккита паспорт бўлмайди (видео)
13.08.2018 12:57,  
25

ID-карталар ҳақиқий амалдаги биометрик паспортларни алмаштиради, стикерлар белгиланган муддатгача амал қилади.

Бу ҳақда «Ёшлар» телеканалига берган интервьюсида ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи Баҳодир Усмонов маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб ID-картани жорий этиш жараёни Тошкентда бошланади. Агар пойтахтдаги натижалар ижобий ва самарали бўлса, тегишли органлар бутун мамлакат бўйлаб картани жорий этишни бошлайдилар.

— 2019 йилнинг 1 январь кунидан бошлаб, чет элга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини расмийлаштириш тартиби бекор қилиниб, фуқароларимиз чет элга чиқишлари учун хорижга чиқиш биометрик паспортларини расмийлаштириш тизимини йўлга қўйиш назарда тутилган, — дейди Баҳодир Усмонов. — Ҳозирги чет элга чиқиш учун рухсат ёзуви стикери икки йилга расмийлаштирилган бўлса, хорижга чиқиш учун биометрик ҳужжат 10 йил муддатга берилади. Хорижга чиқиш паспортини олиш учун фуқаролар ўзлари яшаб турган ҳудуд ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлим/бўлинмаларига мурожаат қилишлари, белгиланган тартибда тегишли ҳужжатларни тақдим этишлари керак бўлади. Расмийлаштириш муддати этиб 10 иш куни белгиланмоқда. Бундай паспортлар бир ёшга тўлмаган фуқароларга икки йил муддатга, бир ёшдан 16 ёшгача бўлган фуқароларга беш йил муддатга, 16 ёшдан катта фуқароларга 10 йил муддатга берилади.

— Келинг, ИД-карта масаласига тўхталсак. Ўзи ИД-карталар қандай хизматлар учун жорий этилмоқда?

— ИД-карта республика ҳудудида фуқароликни белгиловчи ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Жорий йилнинг 1 ноябрь кунидан бошлаб амалдаги биометрик паспорт ўрнига идентификацион карта — ИД-картани Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида татбиқ этиш кўзда тутилган. Тошкент шаҳрида тажбирадан ўтганидан сўнг, ИД-карта тизими ижобий натижа кўрсаца, уни республика миқёсида татбиқ этиш назарда тутиляпти. Шу тизим бутун республикага татбиқ этилганидан сўнг, биометрик паспортни расмийлаштириш тизими бекор бўлади — ИД-карта биометрик паспорт ўрнига киритилаётган ҳужжатдир. Фуқарода бир вақтнинг ўзида ҳам ИД-карта, ҳам биометрик паспорт бўлиши мумкин эмас.

— Фуқароларда энди бизда учта паспорт бўладими, деган савол пайдо бўляпти — масалан, ИД-карта, хорижга чиқиш учун биометрик паспорт ва ҳозирда амал қилаётган биометрик паспорт. Мазкур масалага батафсил ойдинлик кирицангиз?

— Баъзи бир фуқаролар томонидан Ўзбекистонда энди уч хил — чет элга чиқиш учун паспорт, республикада фойдаланиш учун биометрик паспорт ва қўшимча равишда ИД-карта татбиқ этиларкан, деган бир нотўғри тушунча пайдо бўлди. Битта фуқарода фақат икки хил турдаги паспорт бўлиши мумкин — хорижга чиқиш учун паспорт ва, татбиқ этиладиган бўлса, ИД-карта. ИД-карта биометрик паспорт ўрнини босади ва у республика ҳудудида фуқароликни белгиловчи ва шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади.

— Фуқароларимиздан амалдаги биометрик паспортдан чет элга чиқиш паспорти сифатида фойдаланса бўлмайдими, деган таклиф тушяпти. Бунга нима дейсиз?

— Бу саволга келадиган бўлсак, биометрик паспортни расмийлаштириш жараёни билан чет элга чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш жараёни бошқа-бошқа ҳисобланади. Масалан, 16 ёшга тўлган фуқаро паспорт олишга мажбур деб ҳисобланса, хорижга чиқиш паспорти фақат хорижга чиқиш зарурати туғилганидагина расмийлаштирилади. Бу икки хизматнинг регламенти ҳар хил бўлгани сабабли, ҳозирги амалиётда биометрик паспорт олган фуқаро чет элга чиқиши учун чет элга бориш рухсат ёзуви стикерини расмийлаштиради. Янги тартибда эса битта ҳужжат — хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш кифоя. 2019 йил 1 январидан хорижга чиқиш учун хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилиши назарда тутилган бўлиб, шу билан бирга амалдаги ҳақиқий биометрик паспортга эга бўлган фуқаролар 2021 йилнинг 1 январига қадар виза талаб этилмайдиган давлатларга шу биометрик паспорт асосида чиқишлари мумкин. Виза расмийлаштирилиши талаб этиладиган давлатларга 2019 йил 1 январь кунига қадар расмийлаштирилган рухсат ёзуви стикерининг амал қилиши тугагунча хорижга чиқиш паспорти расмийлаштирилмагани ҳолда чиқиш мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан