Ёшлар иттифоқи неча кишини олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйгани маълум бўлди

15.09.2018 | Илм-фан | 3120

2018 – 2019-ўқув йилида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияси билан жами 14 нафар абитуриент олий ўқув юртларига имтиҳонсиз, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган. Бу ҳақда Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Turon24 нашрига маълумот берди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги "Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимидаги сардорлар, бошланғич ташкилотлардаги йўналиш етакчилари, икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган ёшлар тавсиянома асосида доимий яшаш жойидаги олий таълим муассасаларининг педагогика таълим йўналишларига имтиҳонсиз қабул қилиниши белгиланган.

Тавсияномага эга бўлганлар уч босқич: туман, вилоят (шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси) ва республика комиссияси саралашидан ўтган.

Ушбу тавсияномалар Ўзбекистонда жойлашган хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имконини бермайди ва тақдим этилган йил учунгина амал қилади.