Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда

18.09.2018 | Ўзбекистон | 2298

18−22 сентябрь кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Тожикистоннинг тоғли ҳудудларида шартли террористик гуруҳларни йўқ қилиш бўйича қўшма машғулотларни ўтказади, дея хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Беш кун давомида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 600 нафарга яқин ҳарбий хизматчилари «Чоррух-Дайрон» ўқув маркази ва «Нурафшон» полигони базасида Сўғд вилоятининг бориш қийин бўлган тоғли ҳудудларида шартли террористик гуруҳларни аниқлаш ва йўқ қилиш бўйича ҳарбий ўқув ҳаракатларини амалга оширади.

16 сентябрь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари гуруҳи Тожикистонга борди.

Эслатиб ўтамиз, августда Тожикистон мудофаа вазири генерал-полковник Шерали Мирзо расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган эди. Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов билан учрашув вақтида у ҳарбий хизматчиларни қўшма машғулотларда иштирок этишга таклиф қилган ҳамда ҳарбий жамоалар ўртасида спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш таклифини илгари сурган эди.

Ўша вақтда 2018 йилда ҳарбий ҳамкорлик режаси ҳам имзоланган.