Украина президенти Қримдан Россия ҳарбий базасини чиқариб юборишни ваъда қилди

21.09.2018 | Жаҳон | 2984

Украина президенти Петро Порошенко мамлакат конституциясининг Россия флотини Қримда жойлаштиришга изн берувчи бандини бекор қилишга ваъда берди.

Украина Олий Радасида қилган йиллик мурожаатида президент Россия аннексия қилиб олган Қрим Украина юрисдикциясига қайтарилганидан кейин, Севастополда Россия базаси қолмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Президент бошқа давлатлар етакчиларини Россия агрессиясига қарши ҳамкорликда курашишга чақирди. Унинг айтишича, Россияга қарши санкциялар юмшатилиш хавфи бор, аммо Украина бунга йўл қўймайди.

Президент, шунингдек, Москва патриархатининг православ черковидан маҳаллий украин православ черковига ўтиш истагидаги фуқаролар ҳимоя қилинишини билдирди.

Порошенко мудофаа масаласига тўхталар экан, янги ракета қуролларини ҳамда зирҳли техника сотиб олиш режалаштирилаётганини билдирди. Бундан ташқари, президент Азов денгизининг Украина яқинидаги қисми мудофааси тезкорлик билан кучайтирилишини айтди.