Қибрайлик шифокор иккинчи хотини ва унинг фарзандларини болға билан уриб ўлдирди (видео)

24.09.2018 | Жамият | 3436

Тошкент вилояти Қибрай туманида истиқомат қилувчи 45 ёшли Зиёдулла Маннопов шифокор бўла туриб жиноятга қўл урди. Бу ҳақда “Ўзбекистон24” телеканалида кўрсатув намойиш этилди.

Жиноятнинг асл сабаби битта. У ҳам бўлса, қўшхотинлик, эрлик вазифасидан қочиш эди.

Зиёдулла қонуний оиласи, 3 та фарзанди бўла туриб, охирини ўйламай 2010 йилда ўзи билан бирга ишлайдиган Хуршида Исмоиловани шаърий никоҳига олади. Хуршида 2 нафар фарзанди билан турмушидан ажралган эди.

Шу кундан бошлаб у икки рўзғор орасида бўзчининг моккисидек қатнайвериб, силласи қурийди. 2 хотин, 5 нафар болани боқиш кун сайин қийинлашиб бораверади. Ўгай фарзандлари ва иккинчи хотинига баъзида зуғум ҳам ўтказиб туради.

Кунларнинг бирида Зиёдулланинг биринчи хотини Зура Маннопова эрининг қилмишларидан хабар топиб қолади. Бахтига хотини кўпам жанжал қилмайди, аксинча, эрка хотинга айланади. Икки кундошнинг ўзаро муносабатлари ҳам яхши бўлади.

Бироқ кейинчалик Зура қайнонаси билан ўртасидаги келишмовчилик сабаб, отасининг уйига кетиб қолади. Бу билан эрининг унга нисбатан муносабатлари ёмонлашмайди.

Қўшхотинликни эплай олмай қолган Зиёдулла эса иккинчи хотини Хуршиданинг нафсониятини топташга ўтади. Унинг телефон қўнғироқларига жавоб бермайди, арзимас баҳоналар билан рашк қилаверади. Оқибатда эса Хуршида биноидек ишлаб турган тикувчилик цехидан бўшашига тўғри келади.

Кунларнинг бирида иккинчи хотини Зиёдуллага қўнғироқ қилиб, у билан гаплашиб олиши лозимлигини, ота-онаси ва биринчи хотинининг ёнига бормоқчи эканлигини айтади.

Зиёдулла унга жавобан: “келавер, сенга “сюрприз”им бор, дейди.

Хуршида ўғли ва қизини олиб Зиёдулла Манноповнинг Қибрай тумани “Маданият” маҳалласидаги уйига келади. Остонада иккаласи узоқ гап талашади. Шунда Зиёдулланинг отаси уйдан чиқиб келиб, ўғлидан унинг кимлигини сўрайди. Ўғлининг иккинчи хотиним деб айтган жавобига, “Нима учун келди, йўқолсин”, дея дўқ уради.

У ота-онасига ҳам ҳеч нима демай иккинчи хотини ва унинг болаларини ўзининг “Матиз” русумли машинасига миндириб, биринчи хотининг уйига олиб боради. Баридан хабардор Зура уларни кўп куттирмай тезда чиқиб келади ва машинанинг олд ўриндиғига ўтиради.

У кундошларни қўни-қўшниларнинг кўзларидан узоқроққа олиб бориш мақсадида машинасини панароқ жойга ҳайдайди.

Машина ичида давом этган тортишувлардан сўнг икки кундош ўзаро гаплашиб олишлари учун Зиёдулла болаларни олиб, машинадан тушиб туради. Шунда ҳам машина ичида бўлаётган суҳбатдан кўнгил узолмай машина томонга бориб келаверади. Машинанинг орқа эшигини очиб, тимирскиланиб қолади. Зура эрига қараб, “Икки хотинликнинг оқибати шундай бўлади, ё уни танланг, ё мени”, дейди. Хуршида ҳам бу гапга жавобан, “Майли, унда мен бошқа эрга тегиб кетаман”, дейди.

Зиёдулла суҳбатнинг бу тарзда тугашини кутмаган эди. У на униси ва на бунисини гапига кўнишни истамайди. Ғазаби қайнаб, машинанинг орқасида турган болғани олиб, Хуршиданинг бошига бир неча марта уради. Онасини ҳимоя қилишга уринган болаларни ҳам аямайди. Уларнинг ҳам юз-кўзларига болға билан уради. Эрини тўхтатишга уринган Зуранинг кучи унга етмайди. Атрофдагиларни ёрдамга чақиради.

Хуршида ва унинг икки фарзанди зудлик билан шифохонага ётқизилади. Улар олинган оғир тан жароҳатлари туфайли узоқ вақт шифохонада даволанишади.

Зиёдулла Маннопов эса суд ҳукми билан 15 йилга қамалади.