Ўзбекистонда савдони ривожлантириш мақсадида қатор чекловлар бекор қилинади

27.09.2018 | Иқтисод | 4844

“Савдони янада либераллаштириш ва товар бозорларида рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унга кўра, 2019 йилнинг 1 январидан қуйидагилар:

- улгуржи савдони амалга ошириш учун лицензия бўлиши кераклиги ҳамда улгуржи савдо корхоналарининг алоҳида солиққа тортиш тартиби;

- акциз солиғига тортиладиган айрим товарлар (автомобиллар, ўсимлик ёғи, алкоголь ва табака маҳсулотлари ҳамда бошқалар)ни ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилишнинг амалдаги тартиби;

- кўчма савдога рухсат бериш тартиби;

- тадбиркорлик субъектларида контрагентлар билан муносабатларда юзага келадиган муддати ўтиб кетган дебиторлик қарздорлик учун санкциялар;

- тадбиркорлик субъектларида ички бозордаги битимлар бўйича 15 фоизлик олдиндан тўлов талаби;

- сархил (свежий) мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда 100 фоиз олдиндан тўлов талаби амалиёти;

- иловага мувофиқ, айрим товар турларининг экспортига чекловлар;

- истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясини шартномада кўрсатилганидан кўпроқ истеъмол қилингани учун жарима санкциялари;

- юқори ликвидли товарлар, хомашё ва материалларни биржа савдосига чиқариш жадвалларини шакллантириш ва уни Рақобат қўмитаси билан келиши амалдаги тартиби;

- истеъмол кредитларини фақатгина Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган истеъмол товарларига бериш амалиёти бекор қилинади.

2018 йил 1 октябрдан импорт бўйича олиб кирилган юқори ликвидли маҳсулот турлари, эгалари ўз хоҳишига кўра, ички бозорда, шу жумладан, биржа савдоларида чекловларсиз сотилиши мумкин.

Шу йил 1 октябридан Ўзбекистон Республикасидан жисмоний шахслар учун 5 минг АҚШ долларига тенг бўлган рухсат этилган валюта миқдори доирасида товарларни олиб чиқишга рухсат берилиши мумкин.

Қарор лойиҳасига кўра, Иқтисодиёт вазирлиги ҳузурида саноат бозори ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш тадқиқотлар маркази иш фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилган.