Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ҳуқуқшунос минбари: Ягона мактаб формаси тўғрисидаги қарор умумэътироф этилган халқаро қоидаларни бузадими?
29.09.2018 10:28,  
41

Мактаб формаси тўғрисидаги қарор ва унинг жорий этилиши юзасидан Халқ таълими вазирлиги ва Дин ишлари бўйича қўмитасининг фикри (бундан буён Вазирлик ва Қўмита фикри) қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Вазирлик ва Қўмита фикри мактаб формаси жорий этилишини ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан асослаб беришга уринади ва бу олқишланиши керак. Зеро бугунгача ҳукумат ўз қарорларини халққа асослаб бериш борасидан бирон чора кўргани кузатилмаган. Афсуски, Вазирлик ва Қўмита фикрида жиддий камчиликларни кўриш мумкин. Хусусан, унда Ўзбекистонда дунёвийлик, дин ва давлат ўртасидаги мувозанат, виждон эркинлигининг таъминланиши ва чегаралари ҳамда халқаро ҳуқуқ талаблари жиддий таҳлил қилинмайди.

Вазирлик ва Қўмита фикри мактаб формасини жорий этишни асослашда беш асосни келтиради. Мазкур асослардан бири “Умумэътироф этилган халқаро қоида ва стандартлар” деб номланади. Қуйида мазкур асосга алоҳида тўхталиб, унинг қай даражада тўғри ва асослантирилганлигини таҳлил қиламиз.

Шахс ва давлат мажбуриятларини белгилашда чалкашлик

Вазирлик ва Қўмита фикри умумэътироф этилган халқаро қоидаларни таҳлил қилишни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларатсиясидан (бундан буён ИҲУД) бошлайди. Жумладан, мазкур ҳужжатнинг 29-моддасида “ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи ва эркинликларидан фойдаланишда ўзгаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини демократик жамиятда етарли даражада бўлишини ҳамда ҳурмат қилинишини таъминлаш, ахлоқ, жамоат тартиби, умум фаровонлигининг одилона талабларини қондириш мақсадида қонунда белгиланган чекланишларга риоя этиши керак,” дейилади (таъкид муаллифники). Вазирлик ва Қўмита фикрида мазкур қоида шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланишда нималарга эътибор бериши кераклигини белгиловчи қоида сифатида келтирилади.

 Аммо ИҲУД 29-моддаси алоҳида шахснинг мажбуриятлари ҳақида эмас. Унда давлат мажбуриятлари ҳақида гап кетади ва давлат қай ҳолат ва асосларда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаши мумкинлигини белгилайди. Мазкур қоидага кўра давлатнинг ҳар қандай чекловлари 1) қонун билан белгиланиб, фақатгина 2) бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини демократик жамиятда етарли даражада бўлишини ҳамда ҳурмат қилинишини таъминлаш, 3) ахлоқ, жамоат тартиби, умум фаровонлигининг одилона талабларини қондириш мақсадида чекланиши мумкин. ИҲУД 29-моддасида гап шахс мажбуриятлари эмас, давлат мажбуриятлари тўғрисида эканлигини кўриш учун унинг инглизча матнига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади:

- In the exercise of his rights and freyedoms, everyone shall be subject only to such limitations as are determined by law solely for the purpose of securing duye recognition and respect for the rights and freyedoms of others and of meyeting the just requirements of morality, public order and the general welfare in a democratic society (таъкид муаллифники).

Демак, ИҲУД 29-моддаси давлат мажбуриятлари ҳақида бўлиб, бевосита алоҳида шахснинг хатти-ҳаракатларини тартибга солмайди. Вазирлик ва Қўмита фикрида шахс ва давлат мажбуриятлари чалкаштирилгани сабабли, ИҲУД 29-моддаси нотўғри қўлланилган.

Эътиборсиз қолган умумэътироф этилган халқаро қоидалар

Вазирлик ва Қўмита фикри ИҲУД 29-моддасини нотўғри қўллаш билан бирга, ИҲУДнинг бевосита дин ва эътиқод эркинлиги бўйича бир неча муҳим моддаларини назардан қочиради. Жумладан, ИҲУД 18-моддасида ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эгалиги айтилиши билан бирга, бу ҳуқуқ ичига нафақат дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини, балки дини ва эътиқодини намойиш этиш эркинлиги ҳам кириши айтилади. ИҲУД 18-моддасининг инглизча матнида freedom to manifest his religion or beliyef in practice and observanceдейилади (таъкид муаллифники). Бу дегани, халқаро меъёрларга кўра виждон эркинлиги ичига, Вазирлик ва Қўмита фикрида қайта-қайта таъкидланишига қарамай, фақат дин танлаш эркинлиги эмас, балки ўз динини кундалик ҳаётда тўсиқ ва чекловларсиз кўрсатиш, намойиш этиш ҳуқуқи ҳам киради. 

Бундан ташқари, ИҲУД 19-моддасида, ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эгалиги ва бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ўз ичига олиши алоҳида таъкидланади.

ИҲУД умумэътироф этилган тамойиллардан ташкил топган бўлса, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги Халқаро Пакт (ФШП) халқаро шартнома бўлиб, давлатларга, шу жумладан Ўзбекистонга, аниқ мажбуриятларни юклайди. Шунга қарамасдан Вазирлик ва Қўмита фикри ФШПда кафолатланган ва Ўзбекистон учун бажарилиши мажбурий бўлган қоидалар ҳақида умуман оғиз очмайди. Жумладан, ФШПнинг 18-моддаси ИҲУД каби виждон ва дин эркинлиги ичига нафақат дини ёки эътиқодини ўзгартириш, балки дини ва эътиқодини кундалик ҳаётда намойиш этиш эркинлиги ҳам кириши айтилади (“freedom to manifest his religion or beliyef in practice and observance”).  

Ва ниҳоят, ФШПнинг 18-моддасида виждон эркинлиги доирасига, ота-оналарга ўз фарзандларини шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва аҳлоқий тарбиялаш эркинлиги ҳам кириши айтилади. ФШП 18-моддасининг инглизча матнида the liberty of parents […] to ensure the religious and moral education of their children in conformity with their own convictionsдеб белгиланган. Бу дегани, виждон эркинлигини таъминлашда ота-онанинг ўз фарзандларини шахсий эътиқодларига мувофиқ тарбиялаш ҳуқуқлари ҳам эътиборга олиниши кераклигини билдиради.  

Вазирлик ва Қўмита фикри “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенсияни ҳам тилга олади, аммо виждон эркинлигига бевосита алоқадор бўлган қоидаларини тушиб қолдиради. Масалан, Конвенсиянинг 14-моддасида давлатлар боланинг дин ва виждон эркинлигини ҳурмат қилиши шартлиги айтилади. Мазкур ҳуқуқ доирасини шарҳлашда ИҲУД ва ФШПнинг 18-моддасига мурожаат қилиш даркор. Бу дегани боланинг дин ва виждон эркинлиги доирасига ҳақли равишда ўз дини ва эътиқодини кундалик ҳаётда намойиш этиш эркинлиги ҳам кириши эътиборга олиниши керак.

Чекловлар қонун билан белгиланиши керак

Бундан ташқари, ИҲУД ва ФШП ҳар қандай чекловлар 1) қонун билан белгиланиб, фақатгина 2) бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини демократик жамиятда етарли даражада бўлишини ҳамда ҳурмат қилинишини таъминлаш, 3) ахлоқ, жамоат тартиби, умум фаровонлигининг одилона талабларини қондириш мақсадида чекланиши мумкинлигини белгилайди (18-модда).

Мазкур тартибда кўра, виждон эркинлиги борасида давлат томонидан белгиланадиган барча чекловлар қонун билан белгиланиши керак. Мактаб формасини жорий этиш тўғрисидаги қоидалар эса Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланган. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра, Вазирлар Маҳкамаси қарори қонун эмас балки қонун ости ҳужжати ҳисобланади. Демак, Вазирлар Маҳкамасининг мактаб формаси тўғрисидаги қарорида белгиланган чекловлар, бевосита дин ва эътиқод эркинлигини чеклагани сабабли, Ўзбекистон учун бажарилиши мажбурий бўлган халқаро ҳуқуқ талабларига мос эмас. Зеро ИҲУД ва ФШПда алоҳида таъкидлангани каби, дин ва эътиқод эркинлигини чекловчи ҳар қандай қоидалар қонун билан белгиланиши керак.

Мактаб формасини жорий этиш борасида қабул қилинган ҳужжатлар ва халқаро ҳуқуқ қоидалари ўртасида яққол тафовутни кўриш мумкин. Бир томонда виждон эркинлигини кафолатлаш ва таъминлаш борасида Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари. Иккинчи томонда эса виждон эркинлигини жиддий чекловчи қарор. Энг асосий халқаро ҳуқуқий мажбуриятлар Конститутсия ва қонунларда ўз аксини топган. Демак, виждон эркинлиги каби узвий ҳуқуқлар қонун ости ҳужжатлари билан чекланиши мумкин эмас. Виждон эркинлигини чекловчи алоҳида қонун қабул қилинган тақдирда ҳам, чекловлар фақатгина етарли даражадагина бўлиши керак. 

Ўзбекистон халқаро майдонда халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларнинг бажарилиши ва умуман қонун устиворлигини кучайтириш бўйича кўрсатаётган қатъияти ва саъй-ҳаракатлари билан танилмоқда. Энг асосий узвий ҳуқуқлар қаторидан жой олган виждон эркинлигининг бу даражада қонун ости ҳужжатлари билан чекланиши эса узоқ муддатда Ўзбекистон учун жиддий ҳуқуқий муаммоларни туғдиради.

Миракмал Ниязматов, ҳуқуқшунос

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан