Самарқандда юз берган автоҳалокат натижасида уч теримчи аёл ҳалок бўлди, яна бири оғир аҳволда

30.09.2018 | Ўзбекистон | 3266

М-37 магистралининг Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидан ўтган қисмида 29 сентябр куни тонг соат 6:45 да Бухородан келаётган Damas автомобили йўл четида пахта теримига кетаётган тўрт аёлни уриб юборган. Воқеа гувоҳларининг сўзларига кўра, Damas ҳайдовчиси рулда ухлаб қолган.

Ҳодиса оқибатида уч нафар аёл — «Жўра Маҳмудов» маҳалла фуқаролари йиғини Янгиобод кўчасида истиқомат қилиб келган, 1961 йилда туғилган, уч нафар фарзанднинг онаси, нафақахўр М.М., Пахтакор кўчасида яшаб келган, 1972 йилда туғилган, уч нафар фарзанднинг онаси, вақтинча ишсиз Н.М., Осуда кўчасида истиқомат қилиб келган, 1991 йилда туғилган, ишламасдан, бир боласи тарбияси билан шуғулланиб келган М.А. ҳалок бўлган.

Ҳодисанинг тўртинчи жабрланувчиси «Кўтарма» маҳалла фуқаролар йиғини Қаландар қишлоғида истиқомат қилувчи, 1999 йилда таваллуд топган Дурдона Тиркашева эса Иштихон туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида ётибди. Врач Қиличбой Эгамқуловнинг сўзларига кўра, унинг аҳволи оғир. «Кун.уз»нинг ёзишича, Дурдона бундан бир ярим ойча аввал — 9 август куни турмушга чиққан эди.