Тадбиркорлар ҳуқуқларини чекланишини олдини олиш чоралари кўрилганми - раис жавоби

01.10.2018 | Ўзбекистон | 2690

Олий мажлис Сенатининг 16-чи ялпи мажлисида божхона қўмитаси раиси Муроджон Азимов ташқи савдо-операцияларини мониторингини юритишнинг асосий мақсадлари ҳақида ахборот берди.

Мажлисда сенаторлардан бири ташқи савдо-операцияларини мониторингини юритиш бўйича қандай мезонлар ишлаб чиқилганлиги, мониторинг даврида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини чекланишини олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилганлиги ҳақида божхона қўмитаси раҳбарига савол берди.  

Бу саволга Муроджон Азимов қуйидагича жавоб берди:

“Ҳаммамизнинг мақсадимиз тадбиркорларни ҳимоя қилиш, давлат божхона хизмати органлари ташқи савдо операцияларини мониторинги амалга оширишда экспорт-импорт контрактларини ижро этиш жараёнини кузатиб боради ва таҳлил қилади”, - деди қўмита раиси.  

Қўмита раиси сўзларига кўра, мониторинг электрон тизимлар орқали амалга оширилади. Тадбиркорлар ёки ТИФ қатнашчиларидан ҳеч қандан ҳужжат ҳам, маълумот ҳам талаб қилинмайди.

Мониторинг ўтказишдан асосий мақсад - контракт маълумотларини божхона юк декларациясидаги маълумотларига ва амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги солиштириб борилади, деб таъкидлади Азимов.

Унинг сўзларига кўра, импорт контрактларида божхона тўловларини яшириш ҳолатларига барҳам бериш ёки давлат корхоналари томонидан олиб кирилган импорт маҳсулотларининг нархини сунъий равишда оширилишини олдини олиш. Экспортда эса муддати ўтган дебиторлик қарздорлик яшириш ҳолатлари ва экспорт кетадиган маҳсулотларни таннархини суръий равишда камайтиришни олдини олиш учун хизмат қилади.

“Яна бир муҳим масалани айтиб ўтиш керакки, ҳозирги кунда шахсан президентимиз томонидан республикада тадбиркорлик муҳитини қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида 27 триллион сўмга яқин имтиёз берилди. Бу жуда катта сумма ҳисобланади. Албатта мана шу берилаётган имтиёзни тадбиркорларимиз томонидан қай даражада тўғри ва мақсадли ишлатилаётганлиги ҳам божхона назорати давомида мониторинг қилиб боради. Бу иш жараёнида биз тадбиркорларимиз молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаймиз”, - деб қўшимча қилди божхона қўмитаси раҳбари.