Имон Каримова онаси қаерда эканлигини маълум қилди

02.10.2018 | Ўзбекистон | 7192

Аввалроқ, Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова Тошкентдан Лондонга учиб кетгани ҳақида хабар бергандик. У Instagram'даги саҳифасига Лондонга етиб олганини тасдиқловчи суратни жойлаштирган.

Шунингдек, Тошкент халқаро аэропортидан чиқаётиб юз берган кўнгилсизлик ҳақида ҳам ёзган:

“Аэропортда мени чалғитиб, компьютерим ва бошқа техникалардаги ахборотларни йўқ қилиш учун ёлғон жанжал чиқаришди. Бу тергов қилишга арзимайдиган нарса. Онам энди уйда. Балки шунинг учун қандайдир муҳим нарса излашгандир”, деб ёзади Имон.

Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилишича, Имон Каримова Ўзбекистондан чиқиб кетишига ҳеч бир расмий тўсқинлик йўқ. Онаси Гулнора Каримова эса қонун билан белгиланган тартибда жазо ўташда давом этмоқда.

Имон Каримова Instagram'да обуначиларининг саволларига жавоб бераркан, Лондонга ўқиш мақсадида боргани ва яқин орада Тошкентга қайтишини маълум қилган.

Маълумот учун, Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан бир қатор жиноятларда айбдор деб топилган. Жумладан, Каримова жиноий гуруҳ тузишга алоқадорлик, ўғирлик, пул ундириш, давлат маблағларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориш, солиқлар тўлашдан бош тортиш сингари жиноятларда айбланган ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.