Қандай автомобиллар энг кўп автоҳалокатга учраши маълум бўлди

02.10.2018 | Таҳлил | 3727

Дунёда қандай автомобиллар бошқаларга нисбатан кўпроқ  автоҳалокатга учрашини биласизми?

Суғурта компаниялари ана шундай статистика маълумотларини жуда синчиковлик билан жамлаб боришади. Улар ушбу маълумотлар асосида автомобилларнинг турли марка ва моделлари учун суғурта тўлови миқдорини белгилашади. 

АҚШда ҳар 1000 та суғурталанган автомобилга, етказилган зарарни қоплаш учун келиб тушган мурожаатлар сони қуйидагича экан:

  1. Toyota Yaris — 28,5 та мурожаат
  2. Suzuki SX4 — 26,6 мурожаат
  3. Chevrolet Aveo — 26 мурожаат
  4. Mitsubishi Galant — 25,4 мурожаат
  5. Kia Rio — 24,9 мурожаат

Суғурта компания маълумотига кўра, ушбу автомобиллар эгалари ва йўловчилари авария вақтида жароҳат олиши эҳтимоли ҳам энг катта экан.

АҚШда энг кўп автоҳалокатга учраган автомобиллар борасида яна бир статистика бор. Бу энг кўп маротаба шикастларган автомобиллар. Autocheck хизмати орқали аниқланган ушбу статистикага кўра, кузов ремонти учун энг кўп маротаба мурожаат қилган автомобиллар қуйидагилар бўлиб чиққан:

  1. BMW 4, X1  Series — 18,5% (умумий сотилган автомобиллар сонидан)
  2. Range Rover Evoque — 16,5%.
  3. Jaguar XJ — 15,7%.
  4. Infiniti JX — 14,7%.
  5. Lexus RX 350 — 14,3%.

Кўриб турганингиздек, буларнинг аксарияти қувватли ҳамда бизнес ва премиум классга мансуб автомобиллардир.

Европада эса вазият бироз бошқача.  Британияда ўтказлган изланишларган кўра, ЙТҲ оқибатида етказилган зарарни қоплаш учун энг кўп мурожаат қилган автомобиллар моделлари аксилрейтинги қуйидагича:

  1. Honda FR-V — 18,6% (сотилган автомобиллар ичида)
  2. Volvo XC90 — 15,9%.
  3. Lexus RX — 15,5%.
  4. Mazda5 — 15,3%.
  5. Honda Jazz — 15%.

Эътибор беринг, аксил рейтингнинг биринчи уч қаторини енгил кроссоверлар эгаллаган. Ваҳоланки, айрим маркетологлар айнан кроссоверларни ва йўлтанламасларни “енгил автомбилдан кўра хавфсизроқ” деб мақтаб сотишади. Тўғри, енгил машина билан юзма-юз тўнашганда  хавфсизроқдир, лекин бурилишларда, бошқарув қулайлигида, фавқулодда тўхташ ва думалаб кетмаслик каби фаол хавфсизлик нуқтаи назаридан - йўлтанламас автомобиллар енгил автомбилдан кўра хавфлироқдир.

МДҲда энг хавфли автомобиллар

МДҲ ҳудудида энг кўп автоҳалокатга учрайдиган автомобилларнинг расмий статистикаси эълон қилинмаган бўлсада, алоҳида ҳудудлар бўйича маълумотар мавжуд.

Масалан, Беларусда, ДАН расмий хабарига кўра, энг кўп автоҳалокатга учрайдиган автомобиллар маркалари қуйидагича:

  1. Honda —357 / 1 (руйхатдан ўтказилган ҳар 357та автомобилга 1та авария тўғри келади)  
  2. Alfa Romeo —374 / 1
  3. Subaru — 375/ 1
  4. Mercedes-Benz — 414 / 1
  5. BMW — 431 / 1
  6. Mitsubishi — 468 /1
  7. Mazda — 480 / 1
  8. Renault — 527 / 1
  9. Nissan — 540 /1
  10. Аudi — 548 /1

Эслатиб ўтамиз, Беларусда божхона тўловлари паст бўлгани учун Европадан ва Америкадан исталган маркадаги янги ва фойдаланилган автомобилларни сотиб олиш мумкин.

Беларусга қўшни бўлган Украинада эса статистика бутунлай бошқача. У ерда энг кўп аварияга учрайдиган автомобиллар ВАЗ, ЗАЗ ва Москвич бўлиб чиқди. Хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар камроқ аварияга учрашини уларнинг қимматлиги ва кам тарқалганлигибилан изоҳлаш мумкин. Маҳаллий ва Россия автомобиллари эса кўп тарқалган ва арзон, шунинг учун уларни кўп ҳолларда ёш ва тажрибасиз ҳайдовчилар сотиб олишади. Шу сабабдан ушбу синф автомобилларига тўғри келадиган авариялар сони ҳам кўп.

Россиянинг Иркутск ва Узоқ Шарқ ҳудудларида ҳам энг кўп аварияга учрайдиган автомобиллар руйхати Россиянинг Ғарбий қисмига ўхшамаган. Иркутск Ички ишлар ЙҲХХ хабарига кўра Бу ерда ёш ҳайдовчилар кўпрос Японияда ишлаб чиқарилган Toyota Mark 2 автомобилларини хуш кўришар экан. Ушбу автомбиллар кучли двигателга эга, лекин бошқарилиши ҳамда техник ҳолати аъло бўлмагани туфайли улар тез-тез аварияга учраб турар экан. Иккинчидан, кўп ҳолларда ЙТҲга учраган автомобиллар рулида ёш ва тажрибасиз ҳайдовчилар  бўлган.

Айтмоқчи, Россияда ЙТҲга энг кўп учрайдиган автомобиллар статистикаси бўлмасада, энг кўп ўғирланган автомобиллар ҳақида батафсил маълумот  жамланган. Россияда энг кўп ўғирланган автомобиллар маркалари қуйидагича (Барча ўғирланган автомбилларга нисбатан % ҳисобида): 

  1. Lada - 31 % (турли моделлар) 
  2. Toyota  - 16 % (Camry, Corolla, Land Cruiser, Rav 4)
  3. Hyundai - 7 % (Solaris) 
  4. Kia  - 6 % (Rio, Sportage) 
  5. Nissan - 5 % (Almera, Teana) 

Рўйхатнинг охирида Шевроле (2%) ва Дэу (1%) ўрин олишган.