Ўзбекистон ва БАА 1 млрд долларга тўғридан-тўғри инвестициялар фондини тузади

03.10.2018 | Иқтисод | 2395

3 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-БАА бизнес форуми чоғида икки мамлакат ўртасида 1 млрд долларга тўғридан-тўғри инвестициялар фондини тузиш тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси матбуот хизмати Sof.uz'га хабар қилди.

Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Иброҳим ал-Маҳмуд бошчилигидаги 40 кишилик БАА делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Бизнес форум якунлари бўйича тижорий ва турар-жон қурилиши, қайта тикланувчи энергетика ҳамда инвестицион ҳамкорлик соҳаларида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Абу-Даби Тараққиёт фонди Самарқанд шаҳрида савдо маркази ва халқаро меҳмонхона қуриш, Ўзбекистон ва Абу-Даби ССПлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Masdar (AbuDhabi Future Energy Company PJSC) қайта тикланувчи энергия манбалари, шамол ва қуёш электр станциялари қурилиши соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришди.
Бугун Ўзбекистонда БАА капитали иштирокидаги 100 га яқин корхона тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, мева-сабзавот маҳсулотлари консервалари, ювиш воситаларини ишлаб чиқариш, полиграфия саноати, улгуржи савдо ва бошқа соҳаларда фаолият кўрсатмоқда.