GM Uzbekistan яна бир дилерлик корхонасида автомобиль савдоси бўйича қатор қоидабузарликларни аниқлади

06.10.2018 | Ўзбекистон | 3008

GM Uzbekistan АЖ «Наманган Автотеххизмат» МЧЖ дилерлик корхонасига автомобиль савдоси бўйича кўчма текширув ўтказди. Бу ҳақда жамият матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур текширув чоғида дилерлик корхонаси томонидан мижозлар билан ишлашда қўпол қоидабузарлик ва хатоларга йўл қўйилганлиги намоён бўлди.

Хусусан, автомобиллар савдосидаги тизимли ишларни ташкил этиш, ўтказилаётган акцияларни шартларига қатъий риоя қилиш, мижозларга ўз вақтида тегишли равишда маълумотлар тақдим этиб бориш, мижозлар учун қулай шароитлар мавжуд эмаслиги, ходимларнинг ишларида коррупцияга йўл қўйиш ҳолатлари мавжудлиги, шунингдек Call-марказ ишида ҳам доимий узилишлар аниқланди.

Бундан ташқари автосалон омборхоналарида сотиб бўлинган автомобилларнинг мавжудлиги, шунингдек мижозлар иштирокисиз имзоланган бир қатор шартномалар мавжудлиги аниқланди.

Текширув натижасида ушбу корхонанинг бошқарув раиси ишдан олинди, унинг ўрнига мавжуд хатоларни бартараф этиш ва дилерлик марказини сифат ва хизмат кўрсатиш соҳасида юқори даражага кўтариши лозим бўлган янги раҳбар – Зоҳид Камалов тайинланди. Аввал Зоҳид Камалов Россиянинг «Армада» холдинг компанияси бош директори лавозимида фаолият юритган.

Айтиш жоизки, текширувлар давомида аниқланган барча ҳужжатлар экспертиза учун Наманган вилояти ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди.