Давлат божхона қўмитаси “Лирика” ва “Трамадол” дорилари бўйича огоҳлантириш берди

08.10.2018 | Ўзбекистон | 2722

Давлат божхона қўмитаси “Лирика” ва “Трамадол” дори воситаларининг ноқонуний олиб ўтиш ҳолатлари ва бу борада амалга оширилаётган чоралар ҳақида ахборот берди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистонда чекланган психотроп моддалар рўйхати тасдиқланган бўлиб, унга “Лирика” ва “Трамадол” дори воситаларини киритиш устида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари қўшни давлат фуқароси А.Н.ни 3730 дона “Трамадол” дори воситаларини ноқонуний равишда олиб кетаётган вақтида тўхтатиб қолишган.

Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси ходимлари Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги ўтказилган тезкор тадбирда дорихона раҳбари Ж.А. 3691 дона “Лирика” дори воситасини ноқонуний равишда сотаётганда ушлашди.

Олмазор туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида эса дорихоналардан бири аслида таъмирлаш учун ёпилган бўлишига қарамай, фуқаролар А.С, Ж.Б, ва А.Х. томонидан бу ерда 2305 дона “Лирика” дори воситалари сақланаётганлиги ва уларнинг ноқонуний савдоси амалга оширилаётганлиги фош бўлди.

Шунингдек, Россия Федерациясидан Чирчиқда истиқомат қилувчи фуқаро Р.Г. номига юборилган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганида, унда 112 дона “Лирика” дори воситаси борлиги аниқланди.

“Дори воситаларини қонуний тартибда импорт қилаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳам бу борадаги масъулиятни асло унутмасликлари керак. Яъни, улардан инсон марказий асаб тизимига кучли таъсир этувчи ҳамда истеъмолга тобеликни келтириб чиқарувчи психофаол дори воситаларининг ноқонуний айланмасига йўл қўймасликлари талаб этилади”, - дейилган божхона хизмати хабарида.