ОТМ муассасаси профессор-ўқитувчилари учун янги қоидалар тасдиқланди

10.10.2018 | Иқтисод | 2857

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва «устоз-шогирд» ишларини белгилаш қоидалари тасдиқланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув (маъруза, амалий (якка), семинар ва лаборатория) соатлари ҳажми 400 соатдан кам бўлмаслиги тавсия этилди.

Бунда, маъруза машғулотлари илмий унвон ва илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар томонидан ўтказилиши лозим.

Маъруза машғулотлари ҳажми кўп бўлганда ёки профессор, доцент ва катта ўқитувчилар етарли бўлмаганда олий таълим муассасаси Кенгашининг қарорига асосан камида 3 йиллик илмий-педагогик иш стажига эга бўлган, бироқ илмий унвон ва илмий даражаси бўлмаган ўқитувчиларга бир ўқув йилида 250 соатгача ҳажмда маъруза машғулотларини ўтишга рухсат берилади.