«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Ислом Каримовнинг ўғли берган даъво аризасига жавоб берди

11.10.2018 | Ўзбекистон | 5311

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Каримов Москванинг Тверь судига мурожаат этиб, «Ўзбекистон ҳаво йўллари»дан ўзига тегишли пул маблағларини ундириб бериш юзасидан даъво киритгани билан боғлиқ ҳолатни изоҳлади, деб ёзади Sputnik.

Авиакомпания матбуот котиби Зумрад Шожалилованинг сўзларига кўра, Пётр Каримов ишдан бўшаганидан кейин унга ҳисоб-китоб қилиб, ҳужжатларини олиб кетиши ҳақида хабарнома жўнатилган.

«Каримов ўз ихтиёри билан Меҳнат кодексига мувофиқ, ариза асосида ишдан бўшаган. Биз буйруқларни кўтариб, ушбу факт тасдиғини топдик», — деди Шожалилова.

Пётр Каримов «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Москва филиалида 2004 йилдан 2017 йил апрелигача компания бош вакили ёрдамчиси лавозимида ишлаган.

Аввалроқ Пётр Каримов «Ўзбекистон ҳаво йўллари» унга тегишли маошни тўламагани туфайли, Москванинг Твер судига мурожаат этиб, «Ўзбекистон ҳаво йўллари»дан ўзига тегишли пул маблағларини ундириб бериш юзасидан даъво киритган эди.