Сэм Браунбек Ўзбекистондаги вазиятга: Эътиборни радикаллашган гуруҳга қаратинг, ҳамманинг эркинлигини бўғманг

11.10.2018 | Тиббиёт | 4052

АҚШнинг диний эркинлик бўйича махсус элчиси Сэм Браунбек «Америка овози» радиосига берган интервьюсида Ўзбекистонда Ўзбекистонда диний эркинлик, бу борада ҳукумат амалга ошириши лозим бўлган чораларга эътибор қаратди.

«Ҳаммага бир чеклов қўяман, десангиз адашасиз. Бу аксил натижа беради. Сиз эътиборни радикаллашган ёки радикаллашаётган гуруҳга қаратинг, ҳамманинг эркинлигини бўғманг. Ўзбекистон иқтисодиётининг кучайишини истайди. Ёшларингиз сизга керак, улар ҳеч қаерга кетмай ватанда ишлай олиши, келажагини шу ерда кўра олиши лозим. Шундоқ ҳам қанчаси кетиб бўлган. Ҳукуматга шу керакми?» — деди Сэм Браунбек.

Унинг таъкидлашича, жамият эркинлашса, одамлар шу ерда яшагиси келади. Қаттиқроқ ҳаракат қилади, тизимга ишонади. Масалан, бизнинг иқтисодиётимиз жадал ва тинимсиз ўсишда. Чунки эркинлик бор, эркинлик фойда келтиради. «Тизимга ёшлар кириб келавериши керак. Янги авлод вазиятни қўлга олганида, эркинлик асосий омил бўлиши кўрганмиз, масалан Грузияда. Ёшлардан умид катта», — деди у.

«Одамлар озодликка чиқди, ибодатхона ва масжидлар фаолиятида силжишларни кузатаяпмиз. Лекин олдинда иш кўп. Биз қаттиқроқ ҳаракат қилинг, деяпмиз. Кўпроқ ўзгариш кўришни хоҳлаймиз. Нафақат Ўзбекистон, бутун Марказий Осиёда шу муаммони кўрасиз. Эътиқодга нисбатан қаттиққўллик. Назорат, назорат ва назорат. Бу сизни ўстирмайди. Орқага тортади», — дея давом эттирди АҚШнинг диний эркинлик бўйича махсус элчиси.

«Ёмон одамлар ҳар ерда бор. Лекин уларнинг хатти-ҳаракатлари сабаб бутун жамиятни жазолай олмайсиз. Бу — адолатсизлик. Ошкоралик, эркинлик инсонларни узоқ муддатда тўғри йўлга етаклайди. Бунга қайта-қайта гувоҳ бўлганмиз», — дея таъкидлади Сэм Браунбек.