Самарқанд вилояти ҳокими Туроб Жўраев жиноятларини вилоят прокуратураси яшириб келган

12.10.2018 | Ўзбекистон | 9515
Самарқанд вилояти собиқ ҳокими Туроб Жўраевнинг жуда катта миқдордаги пора билан қўлга тушганлиги кўпчилик Ўзбекистонликлар учун янгилик сифатида қабул қилинган бўлсада, унинг кирдикорларидан вилоятдаги кўпчилик тадбиркор ва амалдорлар аввалдан хабардор эканлиги юзасидан маълумотлар бор.
Туроб Жўраев Вилоят архитектура бошқармаси фаолиятига асоссиз аралалиш ва вилоят ҳокимлигининг ваколатига кирмайдиган фаолиятни амалга ошириш мақсадида 16.10.2017 йилда №614-сонли «архитектура-кенгаши фаолиятини ташкил этиш» - тўғрисидаги қарорни қабул қилади.
Қабул қилинган қарорга асосан Самарқанд вилоятидаги ҳар қандай қурилиш Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан тасдиқланган тақдирдагина амалга ошириш белгиланади. Бундай «қарор» фақат Самарқанд вилоятида амалда эди. Натижада, бошқа вилоятларда саккиз иш кунида кўриб чиқилаёнган рухсатномалар Самарқандда порасиз умуман берилмас эди. Самарқанд вилояти Бош архитекторининг расмий маълумотига асосан 2018 йил март ойи бошида вилоятда 29 варақдан иборат 305та қурилиш лойиҳалари йиғилиб қолади:
Собиқ вилоят ҳокимининг ҳаракатларидан норози тадбиркорлардан Туроб Жўраевнинг ноқонуний қарорини бекор қилиш бўйича Самарқанд вилоят прокуратурасига ўнлаб аризалар кела бошлайди. Афсуски, Вилоят прокуратураси амалдорлари, собиқ ҳоким қарорини бекор қилиш ваколатига эга бўлса-да, ушбу қарорни бекор қилиш ўрнига унинг «қонуний» эканлигини билдиради ва шикоятлар асоссиз инкор қилиб келинади.
Қонун устуворлиги таъминланмаганлиги сабабли Туроб Жўраевнинг порахўрлик даражаси кескин тус олади. Вилоят прокуратурасининг собиқ ҳоким қарорининг қонунийлиги бўйича берган жавоб хатлардан мисол келтирамиз:
 
Охир-оқибат ушбу норозиликлар юзасидан хабарлар Тошкентгача етиб боради ва жорий йилнинг июль ойида Туроб Жураев катта миқдордаги пора олаётган пайтда қўлга олинади. Ҳозирда унга нисбатан очилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётганлиги айтилмоқда. Амалдор пора билан қўлга олинганидан сўнггина собиқ ҳокимнинг №614-сонли қарори Бош прокуратуранинг 10.5/17-18-856-сонли протестига асосан бекор қилинди:
Юқоридаги фактларни инобатга олиб Самарқанд вилоят прокуратурасидаги айбдор амалдорларнинг ҳам жавобгарликка тортилишини сўраб Бош прокуратурага мурожаат этамиз. Вилоятда коррупция ҳолатларининг кескинлашиб кетганлиги ва ҳаттоки, кўпгина тарихий биноларнинг ҳам пора эвазига бузилишига олиб келган собиқ ҳоким қарорини «қонуний» деб топилганлиги президент сиёсатига қарши саботажнинг ўзидир.
 
Мирзо Субхонов