Қарши туманида 8 ёшли қизча зўрлангани ҳақидаги хабар рад этилди

01.11.2018 | Жамият | 2759

Ўзбекистон Бош прокуратураси Қарши туманида иккинчи синфда ўқийдиган қизча зўрлангани ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ушбу ҳолат бўйича ҳаракатсизлик кўрсатгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Бош прокуратура ушбу ҳолат бўйича текширув ўтказиб, зўрлаш содир бўлмаганини аниқлади. Қизчанинг онаси у мактабдан қайтганидан кейин оёғида кичик жароҳат пайдо бўлганини кўрган. У бу яра қандай пайдо бўлгани ва қизча қаерда бўлганини билиш учун уни сўроқ қила бошлаган. Бунга жавобан, қизча афтидан қўрқиб кетганидан, уни зўрлашганини айтган. Ўтказилган тиббий экспертиза қизчага нисбатан ҳеч қандай жинсий зўравонлик қўлланилмаганини кўрсатди», — деди Бош прокуратура вакили.

2018 йил 4 октябрь куни Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги 60-ўрта мактабнинг Хонобот қишлоғилик 2-синф ўқувчиси, 8 яшар қизалоқ мактабдан катта танаффус вақтида алдаб олиб чиқиб кетилиб, зўрлангани ҳақида унинг отаси маълум қилган эди. Бу хабар билан, ўз навбатида, Халқ депутатлари Учтепа туман кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов бўлишган эди.

Қизчанинг отаси воқеадан 5 кун ўтиб хабар топган  ва ўқитувчилар, мактаб директори, туман халқ таълими бўлими, натижа бўлмагач вилоят халқ таълими бошқармаларига, кейин ички ишлар органларига мурожаат қилган. Мактабда ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Участка инспектори воқеани хаспўшлаш билан овора, терговчи ишни ташлаб қўйган.