Каттақўрғонда банкда гаровда турган тадбиркор мулки бузиб ташланди. Бунга ҳоким ҳақлимиди?

11.11.2018 | Блог | 3347
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида маҳаллий тадбиркор Низом Рўзибоевга тегишли бўлган бино туман ҳокимлиги ташаббуси билан бузиб ташланди. Бино-иншоотга қонуний тартибда эгалик ҳуқуқи тан олиниб, гувоҳнома берилган ва у АТИБ «Ипотекабанк» Кўксарой филиалидан олинган кредит учун гаровда бўлган:
 
Ушбу мулкнинг туман ҳокимлиги ташаббуси билан бузиб ташланганлиги юзасидан расмий маълумот олишга ҳаракат қилдик. Каттақўрғон туман ҳокими Аъзамхон Бахромовнинг расмий маълумотига кўра: «Н. Рўзибоевга тегишли бўлган Зарафшон массиви ҳудуди Қозоқовул қишлоғида жойлашган «Омборхона-молхона» биноси мулк ҳуқуқи қарори олдинги туман ҳокими Сафарали Азимов томонидан асоссиз қабул қилинган. Шу сабаб ҳокимлик 27.03.2018 йилда №545-сонли янги қарор билан Н.Рўзибоевнинг «Омборхона-молхона» биносига бўлган мулк ҳуқуқини бекор қилган. Шундан сўнг 2018 йил 08 августда Каттақўрғон туманлараро фуқаролик Суди томонидан бинони бузиш бўйича қарор қабул қилинган».

(Видео очилмаса, ушбу ҳаволани босиб Facebook саҳифамиз орқали томоша қилишингиз мумкин)

Воқеанинг энг ачинарли томони шундаки, туман ҳокими А.Бахромов ушбу бино бузилиши бўйича Суд қарори қабул қилинмасдан тўрт ой олдин, яъни 2018 йил 11 апрелда бу бино тагидаги ер майдонини №703-сонли қарор билан меҳмонхона қуриш учун бошқа тадбиркорга аллақачон ажратган бўлган. Бундан ташқари, Суд томонидан фақат бино бузилиши бўйича қарор мавжуд. Тадбиркорнинг бино-иншоотга бўлган мулк эгалиги ҳуқуқи эса Суд томонидан эмас балки туман ҳокимининг №545-сонли қарори билан бекор қилинганлигига эътибор қаратиш зарур.

Ҳокимликлар фақат ерга бўлган эгалик ҳуқуқни тегишли тартибда бекор қила олади, чунки Ўзбекистонда ер давлатга тегишли. Ҳокимликлар хусусий мулкка бўлган эгалик ҳуқуқини бекор қилиш ваколатига умуман эга эмас. Хусусий мулк дахлсизлиги шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларига киради ҳамда давлат томонидан кафолатланади ва ҳимояланади (53-модда).

Юқоридаги ҳолатда олдинги Каттақўрғон тумани ҳокими С.Азимов айбдор эканлиги иддао қилинган бўлса-да, собиқ амалдор ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаган. Ушбу туманда 2015 йилдан буён жами бешта ҳоким ўзгарганлигини ҳам алоҳида айтиб ўтиш керак. Ҳокимлар алмашавермоқда, хусусий мулк эгалари эса сарсон.

Бу юзага келган ҳолатда, нафақат, маҳаллий тадбиркорнинг ҳуқуқлари, балки ушбу мулкни гаров сифатида қабул қилган АТИБ «Ипотекабанк»нинг ҳам ҳуқуқлари кўпол равишда бузилган.

Ўзбекистонда хусусий мулкнинг белгиланган гувоҳнома орқали эгалиги тасдиқланган бўлса ҳам бузиб ташлаш ҳолатлари учрар экан, баланд минбарлардан янграётган «кафолатлар ва эркинликлар» қуруқ ваъдабозликдангина далолат бериши мумкин.

Хусусий мулк дахлсизлиги таъминланмас экан, хорижий инвестициялар ҳакида орзу қилмасак ҳам бўлади. Жаҳон банки ўзининг бизнес юритиш эркинлиги Doing business 2019 рейтингида Ўзбекистонни бежиз бунча паст поғонага жойлаштирмаганга ўхшайди.