КХДР янги қуролни синовдан ўтказганини маълум қилди

17.11.2018 | Жаҳон | 2388

КХДР етакчиси Ким Чен Ин “янги юқори технологиялар тактик қуроли” синовида иштирок этди. Бу ҳақда Шимолий Кореянинг давлатга тегишли ЦТАК ахборот агентлиги маълум қилди. Айтилишича, синов муваффақиятли ўтган.

Хабарда қандай қурол синовдан ўтказилгани ачиқланмаган. КХДР телевидениеси бу қурол Шимолий Кореянинг аввалги етакчиси Ким Чен Ир даврида яратилгани ва армиянинг “жанговор қудратини янада оширишга” хизмат қилишини маълум қилди.

Сўнгги бор Шимолий Корея ОАВ Ким Чен Иннинг қурол синовида ўтган йилнинг ноябрь ойида иштирок этгани ҳақида хабар тарқатган эди. Ўшанда КХДР "Хвасон-15" қитъалараро баллистик ракета синовини ўтказган эди.

12 июнь куни Сингапурда АҚШ президенти Дональд Трамп 
ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин учрашган эди. Музокаралар якунида томонлар қўшма ҳужжат имзолади, унинг доирасида Вашингтон хавфсизликни таъминлаши ва иқтисодий санкцияларни бекор қилиши эвазига Пхеньян Корея ярим оролини ядро қуролларидан холи қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шимолий Корея шунингдек, АҚШга Хвансон-15ни синовдан ўтказган полигонни йўқ қилишга ваъда берди. Бироқ бир ойдан сўнг ОАВда КХДР янги қитъалараро баллистик ракета яратиш ниятидан воз кечмагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Яқинда Америка таҳлилчилари КХДРда 20га яқин ракета мавжудлиги борасида баёнот беришди, бу ракеталарни Пхеньян КХДР ядровий қуролсизланишини назорат қилувчи халқаро кузатувчилардан беркитишга уринган. Экспертлар улардан 13тасини қаерда эканлигини аниқлашга муваффақ бўлишди.