Рустам Абдураупов Республика бизнес ва бошқарув олий мактабига раҳбар бўлди

17.11.2018 | Ўзбекистон | 2384

Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети декан муовини Рустам Абдураупов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг Абу Райҳон Беруний номидаги Республика бизнес ва бошқарув олий мактабига раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА олий мактаб ахборот хизматига таяниб маълум қилди.

Рустам Абдураупов (1985 й. т.) Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиини механизациялаш муҳандислари институти (2005) ва Тошкент молия институтини (2007) тамомлаганидан сўнг ўзининг илмий-тадқиқот фаолиятини Денвер университети (АҚШ) ва Вагенинген университетида (Нидерландия) давом этди.

Рустам Абдураупов Ўзбекистон, АҚШ ва Нидерландиядаги етакчи университетларида ўқитиш ва уларни бошқариш бўйича катта тажрибага эга.

Ёш иқтисодиёт фанлари доктори маҳаллий ва чет эл нашрларида чоп этилган ўнлаб илмий мақолаларга эга. Шу сабабли у 2017 йилда Германияда ўтказилган 17 нафар иқтисодиёт соҳасидаги Нобел мукофоти соҳиблари билан бир ҳафталик учрашувга таклиф этилган эди.

Унинг «Чет эл инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг иқтисодий салоҳиятини бошқаришнинг методологик жиҳатлари» монографияси фан олами ва бизнес вакиллари орасида алоҳида талабга эга.

Янги директор раҳбарлигида олий мактаб жамоаси РББОМга юклатилган вазифаларни бажаришни ният қилган. Халқаро тажрибани фаол жорий этиш, етакчи фан-таълим муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, double degree (қўшалоқ диплом) магистратура дастурларини аккредитация қилиш бўйича режалар қисқа муддатда амалга оширилади.