Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Президент раислигида Хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтмоқда
28.11.2018 21:55,  
25

Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Унда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча масалалар қатори ҳарбий қурилиш соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Йиғилишда мамлакатимиз ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш, мудофаа саноати ва ҳарбий таълимни ривожлантириш, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали қўшинларни бошқарув тизими такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинди.

Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Аскарлар, ҳарбий хизматчилар мамлакатимизнинг шонли тарихини, она заминимизда яшаб ўтган буюк қаҳрамонлар, саркарда ва қўмондонлар ҳаёти ва жасоратини чуқур билиши, улар билан ғурурланиши кераклигини таъкидлади. 

– Мана, Амир Темур бобомиз билан ҳаммамиз фахрланамиз. Лекин, холисона айтайлик, улуғ Соҳибқироннинг “Тузуклар”ини қанча аскар ўқиган, – дея савол қўйди Шавкат Мирзиёев. – Ёки буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти ва ҳарбий маҳорати ҳақида ҳамма ҳам етарли билимга эгами? Ваҳоланки, бу аждодларимизнинг ғалабалари, стратегия ва тактикаларини дунёдаги кўплаб ҳарбий мактаб ва академияларда бугун ҳам ўрганишади.

Давлат раҳбари аскарлар ҳарбий қасамёд қилишдан олдин албатта Ўзбекистон тарихи ва “Темур тузуклари” фанидан синов топшириши кераклигини таъкидлади. Илғор ҳарбий қисмларга улуғ саркардаларимизнинг номини бериш, моҳир лашкарбоши боболаримиз ҳақида илмий тадқиқотлар, бадиий китоблар, кинолар яратишга кўрсатма берди. 

Мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини ишончли таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлган ҳарбий таълим масаласига биринчи даражали эътибор қаратиш, мактаблардаги ҳарбий дарсларга шу ҳудудда хизмат қилаётган, юксак инсоний ва касбий хусусиятларга эга жанговар офицерларни жалб этиш, ўқувчиларни ҳарбий қисмларга олиб бориб, хизмат жараёнлари билан яқиндан таништириш бўйича топшириқлар берилди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан