Франция Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлашга 150 млн евро ажратади

29.11.2018 | Иқтисод | 2299

Франция тараққиёт агентлиги Ўзбекистон бюджети харажатларини қўллаб-қувватлашга 150 млн евро тақдим этади. Молия вазирлиги ишлаб чиққан президент қарори лойиҳаси 28 ноябрь куни эълон қилинди.

Ҳужжат лойиҳасида қайд этилишича, 22 ноябрь куни агентлик директор кенгаши Ўзбекистонга бюджет харажатларини қўллаб-қувватлаш учун 150 млн евро ҳажмда заём тақдим этишни тасдиқлагани келтириб ўтилади. Кредит Осиё тараққиёт банки кўмагида ишлаб чиқилган «Иқтисодий бошқарувни яхшилаш дастури» лойиҳаси доирасида олти йиллик имтиёзли давр билан 20 йил муддатга тақдим этилади.

Июлда бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров Жаҳон банки ва ОТБ Ўзбекистонга бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 800 млн доллар тақдим этишини маълум қилган эди. Бош вазир ўринбосари ҳукумат қисқа муддатли истиқболда бюджет тақчиллигига йўл қўймаслик учун тақдим этилган кредитлардан фойдаланишни оптималлаштириш мақсадида эканини айтиб ўтди.