Алоҳида турдаги маҳсулотларни маркировкасиз сотиш тақиқланади

01.12.2018 | Ўзбекистон | 2633

2019 йилнинг 1 августидан бошлаб, товарлар тоифасидан келиб чиқиб, импорт қилинадиган ва республикада ишлаб чиқариладиган товарларни ҳимояланган белги ва (ёки) нано-молекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда мажбурий маркировкалаш жорий этилади. Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 1 декабрдаги «Алоҳида турдаги товарларни маркировкалашнинг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида ўз аксини топган.

Ҳужжатга мувофиқ, мажбурий маркировкалаш жорий этилган санадан бошлаб, алоҳида турдаги товарларни Ўзбекистон ҳудудида маркировкасиз сотиш тақиқланади.

Маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар гуруҳлари рўйхатига янгидан қўшилган товарларни, ушбу товарлар рўйхатга киритилган кундан бошлаб 180 кун мобайнида маркировкасиз сотилишига рухсат этилади.

2019 йилнинг 1 февралига қадар энг яхши таклифларини саралаб олиш асосида кўрсатиладиган хизматлар ишончлилиги ва сифатини, юқори ҳимояланган даражасини таъминлай оладиган, амалий тажрибага эга бўлган маркировкалаш бўйича хизматлар етказиб берувчиси танлаб олинади.

Қарорда қайд этилишича, ноқонуний айланаётган, паст сифатли, контрафакт ва қалбакилаштирилган маҳсулотлар ҳажмининг ошиши суръатлари кузатилмоқда, бу эса фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига зарар етказмоқда, носоғлом рақобатга ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети йўқотишларига олиб келмоқда, шунингдек, коррупция ва бошқа қонунбузилишлар юзага келиши учун шароит яратмоқда.