Ўзбекистонда истеъмол бозоридаги нархлар қанчага ошгани маълум бўлди

03.12.2018 | Иқтисод | 2448

Давлат статистика қўмитаси 2018 йилнинг ноябрь ойида истеъмол секторидаги инфляция даражасини маълум қилди. Маълумотларга кўра, ноябрда Ўзбекистон истеъмол бозоридаги товар ва хизматлар нархи ўртача 2,3% га кўтарилди, деб хабар берди ЎзА.

Умумий ҳисобда 11 ой давомида истеъмол секторида инфляция даражаси 12% ни ташкил этди.

Маълумот учун, 2017 йилнинг ноябрь ойида истеъмол секторидаги инфляция даражаси 2% ни ташкил этган. Ой давомида умумий нархлар даражасининг ўсишига озиқ-овқат маҳсулотлари 1,5%, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 3,4% ва хизматлар 0,5% га таъсир этган.

Маълум қилинишича, иқтисодиётга инфляцион босимларнинг ошиши 2018 йилнинг сентябрь ойидан кузатила бошланган. Сентябрда ўртача ойлик истеъмол нархлари 1,8%, октябрда 1,3% ва ноябрь ойида 2,3%, сўнгги уч ойликда эса нархлар ўртача кўтарилиши 5,4% ни ташкил этган.