Блогер минбари: Тарвузнинг зарари ҳақида

04.12.2018 | Блог | 3351

Тарвуз мазали ва фойдали полизмева. Танани роҳатлантиради, оч қолганда есангиз тўйдиради, овқатдан кейин есангиз, ҳузур қиласиз. Қолаверса, танани зарарли моддалардан тозалаш хусусияти бор, ҳар хил касалликларга даво. Тарвуз исли атирлар қиммат туради.

Тасаввур қилинг: тарвузни суймайдиган бир кишига амал тегди ва у ишни тарвузни тақиқлашдан бошлади. Ишонаверинг, бунақаси юз бериши мумкин. Тарихда француз қироли Генрих Тўртинчи қовунни судга берган. Ўзимизнинг ёзувчи Саид Аҳмаднинг “Ўрик домла” деб аталувчи машҳур ҳикояси шўро даврида Ўзбекистоннинг “ўрик” лақабли ҳоким бошқарувчи вилоятида чоп этилмаган. Чунки ўрик репрессияда бўлган-да.

Тарвузимизга қайтайлик. Шундай қилиб, энг аввало турли-туман газета-журналлар тарвузнинг зарари ҳақида олимларнинг илмий мақолаларини чоп эта бошлайди. Илмий-оммабоп мақолалар қуйидагича бошланади “Тарвуз мазали, бироқ...”, “Дастурхонимиздаги душман..”, “Ҳамма ширин нарса ҳам фойдали бўлмас”, “Лаззат оғушидаги оғу”.

Бу ҳолваси, телевидение тарвузни қораловчи кўрсатувларга тўлади. Қора фонда, ўргимчак тўри тасвири устида оқаётган қондай ҳарфлар билан “Тарвузга банди бўлганлар”, “Нафс сиртмоғида” номли кўрсатувлар намойиш этилади. Видеороликлар олинади. “Мен Эшонов Боҳодир Каппонбозордан тарвуз олгандим, ичи селитрага тўла чиқди. Сўйсам ичидан шарват эмас, селитра оқиб кетди. Тарвуздан кечинг, Дубайга учинг”. Овози киши қалбига ғулғула соладиган диктор амаки узуқ-юлуқ қорамтир кадрлар аро ҳикоя қилади: “Мен Қозоғистонга бир КамАЗ тарвуз олиб боргандим, у ерда мени Марат исмли кимса кутиб олди. Тарвузларим ачиб-бижиб ўзидан заҳарли газ чиқара бошлади. Ҳозирда биринчи гуруҳ ногирониман”

Имом-домлалар жамоатга кенг тарғибот ишларини олиб боришга киришади. “Биродарлар! Аҳли жамоат! Шу таги-зоти бетайин одамнинг бошини эслатадиган думалоқ экинни тановул қилишимиз жоизми? Шу керакми бизга, айтинглар. Айрим бетавфиқлар ичини тешиб, спирт аралаштириб самогон, деб аталган ҳаром ичимлик тайёрлашяпти, ахир. Шайтоннинг сийдигику бу, валлоҳи аълам. Ўзларингни ҳалокатга ташламанглар, аҳли жамоа. Харид қилиш ҳаром, харид қилган билан мулоқот қилиш макруҳ!”.

Шу зайлда жамият тарвуз асли ширин қотиллиги ҳақида маълумотга тўяди. Натижада, бирор издиҳомда тарвуздан гап кетса, зиёлилар “...шунақа дейсизлару, аммо бу тарвузнинг фойдасидан зиёни кўп...” деб гап бошлайдиган бўлади. Тарвуз радди маъракага айланади.

Хўш, турган-битгани зарар бўлган бу нарсани ёш болага бериб, навқирон умрига болта уришга не ҳожат. Тезда болаларни тарвуздан асраш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарур. Нафақат, тарвуз, балки қовун, ошқовоқ каби ортиқча полизмеваларни болалар дастурхонига яқинлаштирмаслик керак. Негаки, улар тарвузни эслатади. Қовун-тарвуз, деб бежизга қўшиб айтилмайди, ахир. “Болаларни тарвуздан асрашнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги янги қарорда 16 ёшга етмаган болага тарвуз бериш, унинг яшаш ҳуқуқига дахл қилиш эканлиги белгилаб қўйилди.

Фалон маҳаллада қиёмат қўпибди. Э,воҳ, нима бўлибди? Сўраманг, асти, кеча Россияда ишлаб келган фалончивой ёш-ялангларни тўплаб тарвуз сўйиб бераётганда қўлга тушибди. Сўмкасида иккита яшириб олиб келган экан. Ўзингиз биласиз, Краснодар тарвузлари жа бошқача бўлади. Ширасини оқизиб еб ўтиришганда шаппа босишибди. Ҳадемай телевизорда кўрсатиб қолишади. Тарвуз, ахир полонийдан баттар зиён нарса бўлса, чегарада ушлаб қолса ўлармикан. Эссиз, ёш-ёш йигитлар...

Тарвузнинг номини ҳам барча жойдан ўчириш керак. Китоблардан оқ бўёқ билан “тарвуз” ёзуви ўчириб чиқилсин. Биология фанида, кулинарияда тарвуз мавзуи қолдириб ўтилсин. Маъно бузилиш эҳтимоли вужудга келса, “кўк думалоқ” деб аталсин. Нефть кони билан адаштиришади? Коннинг номини ўзгартирамиз, шуям ишми? Тамом, адабиётлардан ҳам тарвузнинг қораси ўчди.

Кечагина пайкал бошида тарвузни  ёриб еб юрган одам дунёни бир айланиб келиши биланоқ бу ҳолни кўриб ҳуши бошидан учди. Ия, бу қанақаси бўлди? Ҳушини йиғиб олмасиданоқ, тарвузранг формали иккитаси тирсагидан тутди: - Ҳужжатларни кўриб қўяйлик. – Марҳамат. - Оғзингиздан тарвуз ҳиди келяпти-ку. Биз билан маҳкамага юришингизга тўғри келади. Тарвуз тақиқланганини билсангиз керак. – Кечирасиз, тарвуз еганим йўқ, тарвуз исли атир сепганман. – Экспертиза аниқлайди. – Қандай қилиб? – Қонингиздан аниқлайди. Шунингдек, ошқозон микрофлорасидан. Ахлат ва сийдигингизни топширасиз. – Мен, ахир тарвуз емаганман. – Тез юринг, гапни кўпайтирмай. Бир соат кечиксак, тарвузнинг асосий таркиби глюзока қонга сўрилиб кетиши мумкин, унда таҳлилчиларимиз қийналиб қолишади.

Кетишди. Биз ҳам ҳикоямизни шу ерда тугатиб ўз йўлимизга кетамиз. Давомини сўраяпсизми? То дориломон замонлар етиб келгунча авлодлар тарвуз нималигини билмай ўсади. Биласизми, шунга қарамасдан тарвуз мазали ва фойдали неъматлигича қолади. Ким билади, дейсиз, эҳтимол, яширинча еб, уруғини сақлаб қўйишар.

Шукуржон Исломов