Бош энергетик 400 млн сўмлик зарарга «кўз юмиш» учун пора бераётганда ушланди

04.12.2018 | Жамият | 2934

Шайхонтоҳур туманидаги Ипакчилик илмий тадқиқот институти бош энергетиги И.Н. МИБ ходимига пора бераётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» хабар қилди.

Маълум бўлишича, институтда ўтказилган текширувда қарийб 400 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган. Шундан сўнг бош энергетик етказилган зарарни камайтириб кўрсатиш ҳамда мазкур тўпланган ҳужжатлар бўйича жиноят иши қўзғатмаслик учун МИБ ходимига 2 минг доллар пора таклиф қилган.

1 декабрь куни Мажбурий ижро бюроси Шайхонтоҳур туман бўлими ва туман прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда И.Н. МИБ суриштирувчисига ваъда қилинган 2000 долларнинг 450 минг сўмини бераётганда ушланди.

Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.