Саводли миллат - савобли миллатдир

05.12.2018 | Ўзбекистон | 2429

Алифбони ислоҳ қилиш масаласи кўтарилганидан бери ўзбек интернети қизғин баҳсларга гувоҳ бўлмоқда. Биз бу муҳокамаларда назарий таклиф ва таҳлиллар билан иштирок этишдан кўра тил ва саводхонлик масалаларида олдинга силжиш бўлиши учун ўз кичик ҳиссамизни қўшишни афзал билдик.

Саводхон лойиҳасини 2014-йилда ишга туширганмиз. Аввалига бу лойиҳа оддийгина имло луғати кўринишида эди. Унинг базасида 14 минг туб сўз бўлиб, фойдаланувчи ўзига керак сўзни шу сўзлар орасидан излаб топар эди. Сайт шунингдек матнни лотин ва кирилл ёзувларига ўгириб берар эди.

Бугунга келиб эса лойиҳа тўлақонли ўзбек тили имло дастурига айланди. Унинг базасида 100 мингдан ошиқ асос ва 1 миллиондан ортиқ қўшимчалар жамланган. Дастур ана шу асос ва қўшимчалардан фойдаланиб, янги сўз вариантларини ясайди ва фойдаланувчи киритган матнни имло хатоларига текширади.

Бунинг дастурий элементларини таърифлаб ўтирмайман. Лекин шуни айтишим мумкинки, дастур йиллар давомида ўзбек тили имло ва морфемика қоидаларини ўрганиш, уларни дастурий тил кўринишига ўтказиш натижасида яратилган. Саводхон дастури – ўзбекча сўзни асос ва қўшимчага ажратиб таҳлил қилишни биладиган биринчи дастур.

Дастурдан фойдаланишни имкон қадар осон ва қулай қилишга уринганмиз. Унинг асосий таҳрир ойнаси форматланган матн билан ишлашга имкон беради. У «Ў» «Ғ» ҳарфларидаги қўшимча белги ва «ʼ» тутуқ белгисини жорий имло қоидаларига монанд автоматик тўғрилаб кетади. Матнда аниқланган хатолар остига тўлқинсимон қизил чизиқ чизиш билан ажратилади. Дастур хатó деб топилган сўзларга тўғри сўз вариантларини ҳам таклиф қилади: бунинг учун хато сўзлар устига курсорни олиб бориб, сичқончанинг ўнг тугмасини босиш кифоя.

Ўзбекистонда интернет трафик кўпинча чекланганлиги сабаб, биз Андроид ускуналар учун интернет тармоғига уланмай ишлайдиган (офлайн) имло луғатини ишлаб чиққанмиз.

Биз бугун энг оммавий контент бошқариш тизими (Content Management System) ҳисобланган WordPress учун ҳам махсус плагин яратдик. У вебсайт ва блог эгаларига ўз мақолаларини эълон қилишдан аввал имло хатоларига текшириб олиш имконини беради. Плагинни бизнинг сайтдан ёки WordPress расмий каталогидан юклаб олиш мумкин: https://wordpress.org/plugins/savodxon/.

Chrome​ браузери фойдаланувчилари эса махсус иловани ўрнатиб, деярли ҳар қандай сайтда матн киритишда имлони текширишлари мумкин. Мисол учун, Facebook'да пост ёки комментарий ёзаётганда бу илова автоматик тарзда имлони текширади ва хато сўзларни кўрсатади.

Иловани Chrome​ дўконидан бепул юклаб олиш мумкин: https://chrome.google.com/webstore/detail/savodxon/lfonehongfoaekdhngjfcnbnllnkbmjo.

Дастурга қўшимча тарзда яратилган бошқа илова ва плагинларни лойиҳа сайтидан топиш мумкин: https://savodxon.uz/.

Яна бир гапни айтиб ўтишим жоиз. Саводхон лойиҳаси – тижорат лойиҳаси эмас. Лойиҳа сайтидан фойдаланиш ҳам, қўшимча дастурий воситаларни (Андроид дастурлар, плагин ва иловаларни) ишлатиш ҳам бепул. Бу бизнинг ўз кучимиз ва ресурсларимиз билан яратган ва олиб бораётган лойиҳамиз. Биз имлони текшириш дастури бутун жамиятга хизмат қилишига – шу сабабдан у бепул бўлиши кераклигига ишонамиз.

Ушбу мақолага вақт ажратган ўқувчилардан шуни илтимос қиламанки, Саводхон лойиҳаси билан қизиқиб кўрсинлар, ундан фойдалансинлар – агар лойиҳа уларга ёрдам берса, уни бошқаларга ҳам тавсия қилсинлар. Тилимизга ҳурмат мана шунақа оддий ишлардан бошланади.

Жавлон Жураев
Саводхон лойиҳаси асосчиси