Словакияда Россия дипломати жосусликда гумон қилиниб, мамлакатдан бадарға қилинди. Бу ҳақда 5 декабрь куни Словакия бош вазири Питер Пеллегрини Братиславада ўтган брифинг чоғида маълум қилди.
"Словакия ҳарбий разведкаси тақдим этган маълумотга асосланган ҳолда 2018 йилнинг 22 ноябрида Россия Федерациясининг Словакия Республикасидаги элчихонаси дипломати мамлакатда исталмаган шахс деб эълон қилинди. У Словакия Республикаси ҳамда НАТО манфаатларига зид келувчи жосуслик фаолиятини олиб борган. Мазкур шахс 48 соат ичида мамлакатни тарк этди, яъни Россия дипломати Словакиядан бадарға қилинди",-деди бош вазир.
Россия ҳукумати ҳозирча бу баёнотга муносабат билдирмади.
Эслатиб ўтамиз, Словакия НАТО ва Европа Иттифоқи аъзоси ҳисобланади.