Ривожланган мамлакатлардаги компаниялар ходимларини кузатиш учун қандай йўллардан фойдаланади?

12.12.2018 | Блог | 2652

Ишда сизни доим кимдир кузатиб тургандек туюладими? Эҳтимол сиз ҳақсиз, кўплаб компаниялар оддий турникетлар билан чекланиб қолмайди. Технологик ишланмалар ва раҳбариятнинг ҳамма нарсадан хабардор бўлиш истаги ходим ҳаракати, унинг спорт машғулотларидаги фаоллиги ва ҳатто уйқусини қайд этиб борувчи қурилмалар бозорини юзага келтирди, деб ёзади Insider Про.

Масалан, Бостоннинг Humanyze стартапи ходимлар учун биометрик датчиклар ўрнатилган идентификацион бейжлар чиқармоқда. Бу қурилма ҳамма нарсани — офис бўйлаб ҳаракатланиш, суҳбатлар давомийлиги ва ҳатто овоз тембрини кузатиб боради. Йил бошида компания директори Бен Вебер бейжлар овоз маълумотларига ишлов бериб, инсон суҳбат давомида устунлик қилаётганини аниқлай олиши ва унинг овоз оҳанги, баландлиги ва нутқ тезлигини қайд эта олишини маълум қилди. Компания вакилларининг сўзларига қараганда, бу «одам ўлчагичлар» меҳнат маҳсулдорлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай параметрларни баҳолай олади.

Бироқ автоматик тарзда ўлчов объектларига айланаётган одамлар бундан мамнун эмас. Масалан, ўтган йили Daily Telegraph газетаси журналистлари раҳбариятнинг кўрсатмаси билан уларнинг столларига бу каби датчиклар ўрнатилганлигидан хабар топганда можаро юзага келган эди. Гап OccupEye қурилмаси ҳақида бормоқда: у ходим иш столида ўтиргани ёки туриб, бирор жойга кетганини кўрсатувчи иссиқлик сенсорига эга. Журналистлар миллий иттифоқининг танқидига жавобан датчиклар олиб ташланди.

Текширилмаган ҳудуд

Компаниялар ходимларининг электрон почталари ва телефон орқали суҳбатларини аллақачон текшириб бориш имкониятига эга. Бироқ ривожланган технологиялар ходимларни бошқа соҳаларда ҳам ҳеч бир тўсқинликсиз кузатиш имконини беради. Шу ўринда шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш масаласи юзага келади.

Одамлар ишлаш учун борган сари кўпроқ ўз телефон ва ноутбукларидан фойдаланмоқда — бундай амалиёт компанияларга қурилмалар учун харажатларни қисқартириш имконини беради. Шунга қарамасдан, баъзи ҳолатларда корпоратив маълумотларни ҳимоя қилиш сиёсати шахсий қурилмаларни ҳам назорат остига олишга олиб келади.

Агар иш автомобилда ҳаракатланиш билан боғлиқ бўлса, GPS ва телефондаги датчиклар ходимнинг қаерда эканлиги, баъзан эса унинг машина ҳайдаш тарзини кузатиш учун қўлланилиши мумкин. Компаниялар бу иш сифатини яхшилашга ёрдам беришини таъкидламоқда.

Гап фақат телефон ёки ноутбуклар ҳақида эмас, балки тақиб юриладиган қурилмалар (мисол учун Фитбит оммабоп фитнес браслети) ҳақида бормоқда. Бу тобора кўпроқ иш берувчилар ходимлари соғлиғини кузатиб боришни бошлашига туртки бўлмоқда. 2020 йилга келиб фақат Америка компаниялари 44 миллион кишини тегишли кўрсаткичлар бўйича кузатиб боради.

Компаниялар нега айғоқчилик қилмоқда?

Фаоллигимизнинг ҳар дақиқаси ҳақидаги маълумотлар осонлик билан бизга қарши қўлланиши мумкинлигини тахмин қилиш қийин эмас. Бироқ бу каби қурилмаларни ишлаб чиқараётган компаниялар кузатув меҳнат самарадорлиги ва хавфсизлигини ошириш мақсадини кўзлашини маълум қилмоқда.

Масалан, PayEye датчиклари у ёки бу столда ким ўтирганлиги ва у нима билан машғул эканлигини аниқлай олмайди. Ушбу қурилмани ишлаб чиқарувчи Cad-Capture компанияси савдо ва маркетинг бўлимини бошқарувчи Нил Стилнинг сўзларига қараганда, датчиклар компанияларга кўчмас мулкдан самарали фойдаланишга ёрдам беради.

Кўплаб фирмалар ходимлар почтаси ва телефон суҳбатларини текшириш имкониятини зарур хавфсизик чораси сифатида қараб чиқади. Бунда манфаатлар можароси, инсайдерлик савдолари, махфий маълумот билан ошкора бўлишиш ва компания обрўсига бошқа таҳдидларнинг олдини олиш мақсади кўзланади. Компания обрўсини ҳимоя қилиш эса унинг даромадларини ҳимоя қилиш биан тенг (Deloitte компанияси тадқиқотларига кўра, брендга етказилган зарар билан боғлиқ 41 фоиз ҳолатлар компания даромадларининг пасайишига олиб келади).

Ундан кейин — меҳнат унумдорлиги. Британиянинг face2faceHR компанияси ходимлар бўйича консултанти Кирстен Смит ходимлар хатти-ҳаракатларини кузатиш нафақат компания обрўсини сақлашга ёрдам бериши, балки ходимлар уларга юклатилган вазифалар устида ишлаётганлигига ишонч ҳосил қилиш имконини беришини таъкидлайди.

Ходимларни кузатиш қанчалик иш беради?

Ўтган йилги тадқиқот турли маълумотларни кузатиб бориш орқали ходимлар меҳнат унумдорлигини ошириш ўйлаб чиқилган ва нозик ёндашувни талаб қилишини кўрсатди. Шифохоналар беморлари ёнида ўтирувчи ёрдамчи ходимларнинг зарур бўлган пайтларда қўл ювишини текшириш учун тажриба ўтказилди (Одатда смена охирига келиб, улар чарчаб мазкур гигиена процедурасига амал қилмай қўйган). Улар кузатилаётганлиги ҳақида хабардор этилган.

Тадқиқотчилар уч йил давомида 42 та шифохонанинг 5,2 минг ходимини кузатиб борди ва мониторинг давомида қўл ювиш такрорийлиги икки йил мобайнида ошганлиги, мониторинг сусайтирилганда эса у камайиб кетганлигини аниқлади. Кузатув бутунлай тўхтатилганда эса қўл ювиш такрорийлиги тажриба бошланган пайтдагидан кам пастроқ даражага тушиб кетди.

«Кузатув қисқа муддатли келажакда қоидаларга риоя қилишга мажбур қилиши мумкин, бироқ одатларни шакллантирмайди. Бундан ташқари, у ҳатто қўл ювиш учун одатий ички стимуллар, жумладан, беморларни инфекциялардан ҳимоя қилиш истаги ўрнини эгаллашини ҳам истисно этиб бўлмайди», — дейди Вашингтон университети тадқиқотчиси Хенхен Дай.

Ходимлар мониторинг соғлиғини сақлашга ёрдам беради деган фикрда, уни қўллаб-қувватласа-да, бундай янгилик натижаси тезда йўқолади. Ходимларига уйқуни кузатиб бориш учун фитнес-мониторлар тақдим этган Буффер ижимоий тармоғи юқоридаги манзара шоҳиди бўлди.

Мазкур ҳолатда компания уйқу сифатини яхшилаш ҳисобига ходимлари меҳнат унумдорлигини оширишни кўзлади. Компания маълумотларни қўлга киритмас, бироқ ходимларга уларни бир-бири билан бўлишиш тавсия этилди. Бундан ташқари, улар уйқуга қайси пайт ётиш, қачон туриш фойдали эканлиги ҳақидаги тавсиялар билан махсус таништирилди. Дастлаб энтузиазм чўққиси қайд этилган бўлса, бир муддатдан сўнг ходимларнинг бунга қизиқиши кескин тушиб кетди.

Компания матбуот котиби Хейли Грифис бу ҳақда доимий равишда айтиб турилмаса ёки назорат қилинмаса, барча ҳаракатлар бекорга кетишини маълум қилади.

Иш берувчи сизни кузатиб бориши мумкинми?

Бу сиз қайси мамлакатда яшаётганлигингизга боғлиқ.

Буюк Британияда иш берувчи ходимларга мониторинг ҳақида, у нимани назорат қилиши ва бу нима учун зарур эканлигини маълум қилишга мажбур.

Россияда конституция инсонларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини ҳимоя қилади. Шунга қарамасдан, компания раҳбарлари ходимларни огоҳлантиргандан сўнг офисга видеокамералар ўрнатиш ҳуқуқига эга. Датчик ва сенсорлардан фойдаланиш эса амалдаги қонунчилик билан тартибга солинмаган.

АҚШда ҳам шахсий маълумотларни тўплаш, фойдаланиш ва фош этиш учун иш берувчининг розилиги талаб этилади.