Томошабин фикри: ЗўрТВ бошловчилари кўпроқ китоб ўқисин

20.12.2018 | Блог | 4122

ЗўрТВ каналида “Бу менинг онам” кўрсатуви бериляпти. Бошловчи бева боши билан тўққиз фарзандни ўстирган она ҳақида инсоннинг туйғуларини қитиқлайдиган тасвирлар намойиш этганча ҳикоя қилмоқда. Қозоқ тилига яқин шевада гапирувчи онахон кўмакчи фарзандларининг борлигига шукр айтиб, “тўққиз эрим бор” деди. Шунда бошловчи “улар сизга турмуш ўртоқдек оғирингизни енгил қилишди-да” дея кулги аралаш изоҳлаб кетди. Шу жойда у ўзбек тилининг хусусиятларини билмаслигини ошкор этиб қўйди.

“Эр” сўзи ўзбек тилида фақатгина “турмуш ўртоқ” маъносини билдирмайди. Бу сўз воҳа шеваларида “жасур”, “мард йигит” маъноларини ҳам англатади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да (А. Мадвалиев таҳрири остида) “эр” сўзининг “Мард, олижаноб, жасур киши” маънолари келтирилган. Демак, онахон “тўққиз нафар мард ўғлоним бор” демоқда. Афсуски, бошловчи қиз ўзбек тили сўзларининг турфа қирраларини чуқур билмайди.

Шундан кейин бошловчи қиз ҳозирги қайноналарнинг турли кўнгилочар ўтиришларга мойиллигини ифодалаш учун “ҳозирги аёллар гап, турли ўтиришлар билан вақт ўтказяпти, тирикчилик” деди. Гап шундаки, “тирикчилик” сўзи бу ерда мазмунан мос эмас. Чунки бу сўз “овқат ейиш” эмас, “маблағ ишлаб топиш” маъносига аллақачон айланиб бўлган. Бу ўринда ҳам ноўрин сўз қўлланганига гувоҳ бўлдик.

Умуман олганда телевидениеда сухандонлик, эл олдида сўзни сўзга қовуштириш мураккаб ва масъулиятли вазифадир. Бошловчилар фақатгина чиройли нутқи ва қиёфаси билангина эмас, китобхонлик даражаси билан ҳам томошабинларни жалб этиши, ўзбек тилининг нозик жиҳатлари, сўзларининг турли маъноларини билиши лозим. Зотан, улуғларимиз “сўз тузишда узоқ андиша лозим” деб бежиз айтмаган.

Мухтор бобо, меҳнат фахрийси