Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонликларни ташвишга солаётган муаммолар маълум бўлди
25.12.2018 12:43,  
132

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан якунланаётган 2018 йил фуқаролари ҳаётида қандай из қолдиргани, одамларнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида мамлакатда эришилган социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий тараққиёт ҳақидаги фикрлари ўрганилди.

Тўсиқларсиз бизнес

Респондентларнинг 87,4 фоизи Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик сифатли ўсишининг янги даври бошланган, деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, бу борадаги туб ижобий ўзгаришлар, биринчи навбатда, мамлакат Президенти фаолияти, давлат раҳбари томонидан илгари сурилган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар билан боғлиқ.

Бу замонавий таҳдидлар ва хатарларга жавоб бериш, ҳар бир фуқаро, бутун жамият манфаатлари амалга оширилишини таъминлашга қодир давлат бошқаруви тизимини яратишга хизмат қилди.

Сўровда қатнашганларнинг 82,1 фоизи ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, маъмурий тўсиқларни йўқотиш, хусусий тадбиркорликнинг жадал равнақи йўлидаги ғовларни олиб ташлаш, инновацион ғоялар ва технологияларни татбиқ этиш бўйича рўёбга чиқарилаётган комплекс чора-тадбирлар муҳим эканлигини таъкидлашди.

Қонун устуворлиги

Ўзбекистонликларнинг 96,3 фоизи суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди ҳамда маъқуллайди. Хусусан, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳамда тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахслар, жумладан, ёшлар ва аёллар Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги билан жазодан озод этилди. Фуқароларнинг фикрича, мазкур ўзгаришлар ўзбек халқига хос бўлган инсонпарварлик фазилатларига мос келади, бу раҳм-шафқатга муҳтож инсонларга олижаноблик кўрсатишга бўлган интилиш намунаси.

Кучли ижтимоий ҳимоя

Уй-жойлар қуриш, шаҳар ва қишлоқларни обод қилиш, аҳолининг қулай тураржойларга бўлган эҳтиёжини имтиёзли кредитлар бериш йўли билан таъминлаш жорий йил ижтимоий соҳада қўлга киритилган энг муҳим ютуқлардан. Юртдошларимизнинг 81,4 фоизи ана шундай фикр билдирган.

Тадқиқотда иштирок этганларнинг 78,1 фоизи амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари аҳолининг уй-жой ҳамда социал муаммоларини ҳал этишга туртки берганини айтиб ўтди. Сув таъминоти, йўллар, электр тармоқлари, газ қувурларини қуриш, таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар боғчалари, мактаблар, тиббиёт, спорт, маданият муассасаларини реконструкция қилиш, таъмирлаш шулар жумласидан.

Фуқаролар аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, эҳтиёжманд оилалар, имконияти чекланган инсонларга моддий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларни ижобий баҳолашяпти.

Респондентларнинг 61,8 фоизи хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган ишлар натижаларига юқори баҳо беришди. 54,4 фоизи эса 2018 йилда уларнинг моддий аҳволи яхшилангани, оила бюджетига пул тушумларининг умумий ҳажми ўсганини қайд этди. Тадқиқотга кўра, ўзбекистонликларнинг даромади ойлик иш ҳақлари (78,2 фоизи), пенсия кўпайиши (53,3 фоизи), томорқасида етиштирган ҳосили, чорва моллари, паррандалари, сут маҳсулотларини сотишдан олган фойдаси (50,2 фоизи), тадбиркорлик, фермерлик фаолиятидан олинган даромадларининг ўсиши (26,2 фоизи) ҳисобига ортган.

Тадқиқотда яна шу аён бўлдики, ўтаётган йилда даромадлар қатори фуқароларнинг харажатлари ва эҳтиёжлари ҳам ошган. Одамлар таълим олиш, соғлиғини асраб-авайлаш, маданий тадбирларга бориш, шунингдек, оилавий маросимлар ўтказишга кўпроқ маблағ сарфлай бошлаган. Айни чоғда озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон сотиб олиш, коммунал хизматлар учун тўловлар, даволаниш, ОТМда ўқишга контракт тўлаш харажатлари кўпайган.

Таълим

2018 йилда таълимнинг барча бўғинидаги муаммоларни ҳал этиш, жамиятда педагоглар мақоми, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлашга қаратилган самарали чора-тадбирлар бажарилди. Респондентлар фикри шундай.

Ҳамюртларимиз таълим-тарбия жараёнларига замонавий ва инновацион педагогик услублар, шунингдек, АКТни жорий этиш, ўқув дастурлари, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илм-фан ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш бўйича ташланаётган қадамларни қўллаб-қувватлайди. Қолаверса, улар юртимизда янги олий ўқув юртлари, хориждаги машҳур университетлар филиаллари очилаётгани, қабул квоталари кўпайтирилгани, турли йўналишларда сиртқи бўлимлар ташкил қилинганини ижобий ҳолат сифатида эътироф этишди.

Прагматик ташқи сиёсат

“Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ошиши, хорижий давлатлар билан ўзаро фойдали ва конструктив ҳамкорликнинг ҳар томонлама ривожлантирилиши жорий йил ташқи сиёсат соҳасида эришилган асосий муваффақиятлардир”, — дея фикр билдирган фуқароларнинг 88,9 фоизи. Респондентлар Президентимизнинг қўшни мамлакатлар, дунёдаги етакчи давлатлар раҳбарлари, БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар билан фаол мулоқотни йўлга қўйиш бўйича ташаббусларини юқори баҳолашмоқда. Ўзбекистоннинг яқин ва узоқ хориждаги давлатлар билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техник соҳалардаги ҳамкорлиги кенгайиб бормоқда.

Сўровдан маълум бўлдики, жамиятда миллатлараро ҳамда динлараро бағрикенглик ўсиб боряпти. Иштирокчиларнинг 99,2 фоизи давлат сиёсати миллатлараро ва фуқаролар ўртасидаги ҳамжиҳатликнинг асоси, деб билади.

Одамларни нима ташвишга солмоқда?

Тадқиқот давомида энг долзарб муаммолар ҳам аниқланди. Мисол учун, сўровда қатнашганларнинг 62,7 фоизи бандлик ва ишга жойлашиш, самарали меҳнат бозорини яратиш масалаларини ечишни кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди. Аҳолининг учдан бир қисмини коммунал хизматларга белгиланган юқори нархлар, миграция даражасининг ўсиши, ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятининг чекланганлиги ташвишга солмоқда.

Умуман олганда, жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича ўтказилган тадқиқотга кўра, мамлакат аҳолисининг аксарияти, яъни 95,6 фоизи Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларни маъқуллайди ва қўллаб-қувватлайди. Зеро, улар мамлакатни янада ривожлантириш ҳамда янгилаш, жамиятда ўзаро ҳурмат, миллатлараро ва фуқаролар ўртасидаги ҳамжиҳатлик муҳитини яратиш, ҳар бир фуқаро ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан