Ўзбекистонда 1 январдан қатор тақиқлар кучга кирди

02.01.2019 | Ўзбекистон | 8832

Эндиликда полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини товарлар нархига қўшиш, шунингдек, уларни ўз тан нархидан паст нархларда сотиш, қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш, полимер плёнкали пакетларни олиб кириш таъқиқланади.

Бундан ташқари якка тартибдаги тадбиркорлар қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғуллана олмайди. Ушбу маҳсулотларни сотиш учун албатта юридик шахс ташкил этиш лозим.

Алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш, автотранспорт воситаларини ювиш каби фаолият турлари билан шуғулланиш учун ҳам албатта юридик шахс ташкил этиш лозим бўлади.

Адлия вазирлиги мазкур ўзгартиришларга сабаб бўлган энг муҳим жиҳат тадбиркорлар томонидан солиқдан қочиш учун турли қонун бузилиши ҳолатларига йўл қуйилганлиги эканлигини эслатиб ўтган.

"Хусусан, автотранспорт воситаларини ювиш фаолиятини ташкил этган тадбиркорлар қўлида амалда ўнлаб шахслар ишлайди. Лекин ушбу тадбиркор ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтгани сабабли, улар аслида тўлаши керак бўлган солиқнинг ярмини ҳам тўламайдилар.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлик жисмоний шахс томонидан амалга оширилади. Бунда якка турдаги тадбиркор 3 кишигача шахсни ёллаши мумкин.

Яъни, моҳиятан ҳам юқорида кўрсатиб ўтилган фаолият турлари билан ЯТТ шуғуллана олмайди. Масалан, маълумотларга кўра, алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш билан шуғулланувчи цехда ўртача 5‒15 киши фаолият юритади", - дейилган хабарда.