1 январдан бошлаб Туркманистонда спиртли ичимликлар савдосига кескин чекловлар қўйилди

02.01.2019 | Жаҳон | 2661

Туркманистонда спиртли ичимликлар савдосини янада чекловчи қонун кучга кирди. 1 январдан бошлаб поездларда, самолётларда, кемаларда ҳамда спорт иншоотларида алкоголь сотиш ман этилади.

Бундан ташқари, миллий байрам кунлари ҳам спиртли ичимлик сотилмайди. 2021 йилдан бошлаб эса шанба ва якшанба кунлари спиртли ичимликларни фақат бар ва ресторанларда харид қилиш мумкин бўлади.

Иқтисоди ишсизлик ва инфляцияга дучор бўлган Туркманистонга авторитар президент Гурбангули Бердимуҳамедов етакчилик қилиб келади. Ўзининг турли-туман ҳунарларини кўз-кўз қилиб келаётган президент туркманистонликларни спорт билан шуғулланишга чорлаб келади.

Президент мамлакатда 2025 йилгача тамакини ҳам йўқ қилишга бел боғлаган.