Ҳиндистонда аёлларнинг ибодатхонага кириши норозилик намойишига сабаб бўлди

03.01.2019 | Жаҳон | 2456

Ҳиндистоннинг Сабаримала шаҳрида (Керала штати) жойлашган Айяппана ибодатхонасига бир неча асрда илк бор икки аёлнинг кириши норозилик намойишларига сабаб бўлди. Бу ҳақда Times of India нашри хабар бермоқда.

Аёллар ибодатхонага 2 январь куни полиция ҳамроҳлигида кирган. Шундан кейин Керала штатининг турли нуқталарида норозилик намойишлари бошланиб кетган.   

Айяппана ибодатхонаси Ҳиндистондаги энг машҳур зиёратгоҳлардан бири саналади, бу ерга репродуктив ёшдаги аёлларнинг кириши мумкин эмас, кекса аёллар ва кичик қизларгагина рухсат берилади. Сентябрь ойи охирида Ҳиндистон Олий суди бир неча асрдан бери давом этиб келаётган бу анъанага чек қўйди: Айяппана ибодатхонасига аёлларнинг ҳам киришига рухсат берди.  Ибодатхона октябрь ойида бир неча кун давомида аёллар учун очиқ бўлганига қарамай, таҳдидкор зиёратчилар бу ерга аёлларнинг яқинлашишига йўл қўймади. 

Ҳиндистон Олий судининг қарорига қарамай, шу пайтгача 10 ёшдан 50 ёшгача бўлган бирорта ҳам хотин-қиз Айяппана ибодатхонасига кира олмаётган эди.