Россиялик бойлар деярли 6 миллиард долларга камбағаллашди

03.01.2019 | Жаҳон | 2561

Bloomberg агентлигининг билдиришича, 2018 йилда Россия миллиардерларининг бойлиги умумий ҳисобда 5 миллиард 900 миллион долларга камайган.

Дунёнинг 500 нафар энг бой одами рейтингига эса фақат 25 россиялик киритилган. 2018 йилда улардан фақат 9 нафаригина бойлигини кўпайтиришга муваффақ бўла олган.

Энг кўп пул йўқотган россиялик миллиардерлар рўйхатининг биринчи поғонасини “Ренова” ширкати хўжайини Виктор Вексельберг эгаллади. У бир йилда 3 миллиард 100 миллион доллардан ажраган.

Иккинчи ўринни 2 миллиард 400 миллион долларга камбағаллашган Урал тоғ-металлургия комбинати эгаси Искандар Маҳмудов, учинчи ўринни 2 миллиард 200 миллион доллар йўқотган “Северсталь”нинг асосий ҳиссадори Алексей Мордашов эгаллади.

Бойлигини кўпайтиришга муваффақ бўлганлар рўйхатидаги биринчи ўрнини “Лукойл”нинг эгаларидан бири Вагит Алекперов эгаллади. У 3 миллиард 400 миллион долларга бойиган.

Ундан кейинги ўринларни эса ҳар бири бойлигини 2 миллиард 700 миллион долларга кўпайтира олган Леонид Михельсон ва Геннадий Тимченко эгаллади.

Россиянинг энг бой одами сифатида "Норникель" асосий ҳиссадори Владимир Потанин қайд этилмоқда. Bloomberg унинг бойлигини 20 миллиард долларга баҳолаган. Потанин дунёнинг энг бой 500 одами рўйхатида 37-ўринни эгалламоқда.

Жаҳоннинг энг бой одамлари биринчи йигирматалигидан ўрин олганларнинг 14 нафари АҚШ фуқаросидир. Жаҳоннинг энг бой одами сифатида Amazon интернет ширкати асосчиси Жефф Безос тан олинди. Унинг бойлиги 125 миллиард долларни ташкил қилади.