Самарқандда мактаб ўқувчиси уч яшар болакай ўлимига сабаб бўлди

03.01.2019 | Жамият | 2888

Самарқанд шаҳрида яшовчи 9-синф ўқувчиси бобоси номидаги автомашинани олиб сўроқсиз миниб кетиб, автоҳалокат содир этди, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати.

Ҳодиса 2 январь куни Самарқанд туманида содир бўлган. Ўрта мактабнинг 9-синф ўқувчиси Д.Х. ҳужжатларсиз бобосининг номида бўлган "Ласетти" русумли автомашинани миниб қочган. Зарафшон шох кўчасида ҳайдаб кетаётганида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиши оқибатида, қаршисидан ҳаракатланиб келаётган "Матиз" автомашинаси билан тўқнашув содир этган.

Натижада "Матиз" автомашинаси ҳайдовчисининг 3 ёшли ўғли жароҳат олиб воқеа жойида вафот этган ва ҳайдовчи ҳамда унинг турмуш ўртоғи ва 1 ёшли қизи жароҳат олиб касалхонага ётқизилганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.