Жиззахда оилали эркакка товламачилик қилган қиз қамоққа олинди

04.01.2019 | Ўзбекистон | 3404

Жиззахда товламачи қиз судланди, деб хабар берди “Дарё” жиноят ишлари бўйича вилоят суди матбуот хизмати хабарига таяниб.

Жиззах шаҳрида яшовчи (судланувчи ва жабрланувчининг исми ўзгартирилган) Ч.Фаёзов 2017 йилнинг декабрь ойида шаҳар ҳудудида ўзига тегишли бўлган Lacetti русумли автомашинасида киракашлик қилиб юрган вақти Е.Маркова билан танишиб қолади. Е.Маркова унга пул зарур бўлганлиги сабабли Сурхондарё вилоятидан иш излаб келганлигини айтиб, оилавий шароити оғирлигини тушунтиради, шунда унга иш топишда ёрдам бериш мақсадида шу куни кечга қадар Ч.Фаёзов у билан бирга иш излайди, сўнг чойхонада бирга овқатланиб, Е.Марковани ижарада турган уйига олиб бориб қўяди.

Шундан сўнг Ч.Фаёзов Е.Маркова билан яқин муносабатда бўлиб, у билан тез-тез учрашиб туриб, Е.Марковага иш топгунига қадар унга моддий ёрдам бериб келади.

Е.Маркова 2018 йил март ойига қадар иш топа олмаганидан сўнг, Ч.Фаёзов унга бошқа моддий таъминлай олмаслигини, ўзини оиласини боқиши кераклигини айтади. Шунда Е.Маркова унга «мен кўчада қолмаганман, мени шунчалик аҳмоқ қилиб ташлаб кетаолмайсан, маҳаллангга, уйингга бориб, сени хотинбозлигингни айтиб, ҳамманинг олдида шармандангни чиқараман» деб уни қўрқита бошлайди.

Шунда Ч.Фаёзов оиласи бузилиб кетиши ва маҳалла олдида шарманда бўлишдан қўрқиб, у билан алоқани узмасдан учрашиб юради.

Ч.Фаёзов 2018 йил 20 июль куни Е.Марковага оиласи ва фарзандлари борлигини, оиласи бузилиб, болалари етим бўлиб қолишини хоҳламаслигини, тинч йўл билан алоқани узишликни айтганида, Е.Маркова унга жаҳл қилиб, «маҳаллангга бораман, қўни-қўшниларинг олдида шарманда қиламан» деб қўрқитади. Ч.Фаёзов ундан тинч ажрашиб кетиш учун нима қилиши кераклигини сўраганида, у 1 000 000 сўм пул беришни талаб қилади

Ч.Фаёзов Е.Марковага 1 000 000 сўм бера олмаслигини айтганида, бирор ҳужжатини унга бериб кетишни, у айтган 1 000 000 сўм пулни олиб келганда, ҳужжатини қайтариб олиб кетишни айтиб, Ч.Фаёзовнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини гаров тариқасида олиб қолади.

Сўнг Ч.Фаёзов у айтган пулларни топа олмаганлиги учун 2018 йил 27 июль куни Жиззах вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, Е.Маркова уни тинч қўйиш учун 1 000 000 сўм талаб қилаётганини айтади.

ИИБ ходимлари Ч.Фаёзовга 1 000 000 сўм пулларга махсус ишлов бериб, шунингдек Е.Маркова билан гаплашиш учун диктафон беради.

Е.Маркова 1 000 000 сўм пулларни Ч.Фаёзовдан товламачилик йўли билан олган вақтида ИИБ ходимлари Е.Марковадан 1 000 000 сўм пулларни ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олиб, Е.Марковага нисбатан ЖКнинг 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан кўрилиб, суднинг 2018 йил 19 ноябрь кунги хукми билан Е.Маркова ЖКнинг 165-моддаси (товламачилик) 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.