Самарқандда икки эркак аёл кишини қийнаб, бу ҳолатни видеога олди

04.01.2019 | Жамият | 5388

2018 йил 26 октябрда соат 04:00 ларда Оқдарё туманидаги «Қум ота бува» фермер хўжалиги ер майдонида Б.Уроқов ва И.Уроқов фуқаро Ф.Убайдуллаевани ҳар ҳил ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, шаъни қадр-қимматини қасддан камситган ва уриб, енгил тан жароҳати етказган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлар Ш. Элбеков ҳамда Ф.Убайдуллаева 2018 йил 26 октябрда соат 04:00 ларда Оқдарё туманидаги «Қум ота бува» фермер хўжалигига тегишли, ҳар бир килограмми 7000 сўмдан бўлган, жами 140 килограмм, умумий қиймати 980.000 сўмлик мошларни ўғирлаб, оз миқдорда талон-тарож қилган.

«Газета.uz» манбасининг хабар беришича, ушбу фермер хўжалигида шартнома асосида ишлаган. Бу орада кунгабоқар ва мош теришга ёрдам берган. Фермер аёлга маошнинг ярмини берган. Шундан сўнг Убайдуллаева прокуратурага мурожаат қилган, фермер эса мош териб олингач маош тўлашга ваъда берган.

Аёлнинг айтишига қараганда, у турмуш ўртоғи билан мош тергани борган ва у ерда фермернинг укалари учратган. Улар аёлни уриб, ҳақоратлаган. Ушбу ҳолат видеога олинган. Жабрланувчи ҳолат юзасидан прокуратурага арз қилган. Видеода тунги вақтда аёлга куч ишлатилиб, ҳақорат қилингани кўринган.

Мазкур ҳолат бўйича Оқдарё туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, Б.Уроқов ҳамда И.Уроқовга нисбатан МЖтКнинг 41-моддаси, 52-моддаси 2-қисми, Ш. Элбеков ҳамда Ф.Убайдуллаевага нисбатан МЖтКнинг 61-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка доир иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Оқдарё туман маъмурий судининг 04.12.2018 йилги қарори билан ҳуқуқбузарлар Б.Уроқов ҳамда И.Уроқов МЖтКнинг 41-моддаси, 52-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлар деб топилиб, уларнинг ҳар бирига МЖтКнинг 34-моддасига асосан жазонинг оғирроғи тариқасида ўзил-кесил энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида, яъни 368.000 сўмдан жарима жазоси тайинланган.

Ҳуқуқбузарлар Ш. Элбеков ҳамда Ф.Убайдуллаева МЖтКнинг 61-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлар деб топилиб, уларнинг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида, яъни 184.300 сўмдан жарима жазоси тайинланган.